Самарқандда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ миқдори қанча?

2020 йил 30 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича базавий солиқ ставкаси Самарқанд вилояти учун 1 гектар майдонга 33 миллион сўм миқдорида белгиланди.

Президентимизнинг 2020 йил 3 декабрдаги “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди.

Шунингдек, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритади. Туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари алоҳида ер участкаларига, шунингдек, туристик зоналарда жойлашган жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкасига ер солиғини 3 бараваргача миқдорда оширувчи ставкасини белгилаш ҳуқуқига ҳам эга.

2021 йилда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан кўп ошмайди. Солиқ кодексининг 429-моддасида назарда тутилган алоҳида объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан юридик шахслар учун солиқ ставкасининг камайтирувчи коэффициентини 0,1 дан 0,25 га ошириш йўли билан камайтирувчи солиқ ставкасини босқичма-босқич базавий ставкага етказиш давом эттирилмоқда. Ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициент 2020 йил 1 январдан бошлаб аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан жорий этилган.

 Юридик ва жисмоний шахслар учун ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинди. Бунда мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган каби солиқ ставкасини белгилаш билан солиқни қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб тўлашга ўтказилди.

Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича берилган солиқ имтиёзлари бошқа турдаги сувни тежайдиган суғориш технологияларни киритиш ҳисобига кенгайтирилди.

Таъкидлаш лозимки, 2021 йилнинг 1 январигача фақатгина томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланаётган солиқ тўловчилар солиқ имтиёзидан фойдаланиши мумкин эди. Башарти, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан бошлаб беш йил давомида фойдаланишга яроқсиз бўлган ёки демонтаж қилинган бўлса, солиқ имтиёзи бутун солиқ даври учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади.

Ер солиғи суммаси барча ҳудудларда ошди.

Наврўз Файзуллаев,

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими.