Самарқандда шу пайтгача 74 минг тонна пахта териб олинди
Жорий йилда 70 минг 414 гектар ерда ғўза парваришлаган Самарқанд вилоятидаги 2152 фермер хўжалиги айни пайтда йиғим-терим жараёнларига киришган. Улар вилоятдаги 12 та кластер корхонасига 265 минг тонна пахта хом ашёси етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.
Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маълумотига кўра, мавсумни тез ва қисқа фурсатларда ўтказиш мақсадида 1577 та теримчилар отряди шакллантирилиб, 126 минг нафар теримчи жалб қилинган. Жумладан, фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарининг 40 минг нафар ишчилари ҳамда 86 минг нафар уюшмаган аҳоли йиғим-теримда қатнашмоқда. Бу йилги мавсумда қўлда терилган бир килограмм пахта хом ашёси учун ҳеч бир ушланмаларсиз 1500 сўмдан пул тўланмоқда ва терим пуллари тижорат банклари томонидан ўз вақтида етказилмоқда. Шунингдек, пахтачилик кластер корхоналари томонидан 32 та юқори унумли пахта териш машиналари мавсумга шай холатга келтирилган. Ҳосилни қабул манзилларига етказиш учун 1735 та трактор ва 2530 та тиркамадан фойдаланилмоқда. Шу пайтгача 757 та фермер хўжалигининг 30 минг 56 гектар майдонида йиғим-терим ишлари бошланди. 12 фермер хўжалиги биринчи теримдаёқ гектаридан ўртача 35 центнердан ҳосил олиб, шартномавий режани бажарди.
Етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олиш ва мавсумни беталофот ўтказиш, теримчиларга қулай меҳнат шароити яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан назорат ўрнатилган.
Маълумотларга кўра, бугунгача пахта қабул қилиш масканларига 74 минг тоннадан ортиқ, яъни режадаги ҳосилнинг 27,9 фоизи етказиб берилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 минг 526 тоннага кўп демакдир.