Самарқандда субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда 494 ҳолатда қонунбузилишлар аниқланган
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом" талабларига риоя этилиши аҳволи электрон тизим орқали ўрганилди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда комиссия ва ижтимоий мезонлар бўйича баҳоловчи ташкилотлар томонидан 494 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва муддатлари бузилганлиги аниқланди.
Масалан, фуқаро Икромжон Нарзуллаевнинг 2020 йил 29 июндаги аризаси бўйича масъул ташкилотларнинг баҳолаш натижалари 2020 йил 30 июнь куни комиссияга тақдим этилган. Бироқ Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги махсус комиссия масъул котиби Жаҳонгир Раҳимжонов томонидан мурожаатни кўриб чиқишда Низомда белгиланган 7 кунлик муддат бузилган.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан бошқарма бошлиғининг қарорига асосан Ж.Раҳимжоновга 669 минг сўм жарима жазоси белгиланди.
Вилоятда шу каби қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли идоралар раҳбарлари номига 3 та тақдимнома, 144 та огоҳномалар киритилган. Шунингдек, 11 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 7 миллион 359 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар ундирилиши белгиланди.
Санжар Чўлиев,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи.