Самарқандда йилига 30 минг тонна балиқ етиштирилади

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан балиқчиликни янада такомиллаштириш мақсадида балиқ турларини кўпайтириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва садок усулида парҳез маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйиш юзасидан истиқбол режаси белгиланган.

Президентимизнинг балиқчиликни ривожлантиришга оид қарорларига асосан, вилоятда соҳага янги технологияларни жорий этиш бўйича ёпиқ тизимли ва интенсив усулда кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Ушбу сув ҳавзаларида “Африка лаққаси”, “Карп”, “Форель” ва “Осётр” балиқларини етиштириш йўлга қўйилган.

Зарафшон дарёсининг вилоят ҳудудидан ўтувчи қисмида садок усулида балиқ етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қафаснинг бу туридан ҳозир тадбиркорлар ҳам кенг фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, келгусида Хитой тажрибасини оммалаштирган ҳолда, уй шароитида, кичик ҳажмдаги сув ҳавзаларида балиқ етиштириш орқали аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирда вилоятда 459 та балиқчилик хўжалиги мавжуд ва уларга 9 минг 553 гектар сувли майдон ажратилган. Шундан, 7 минг 909 гектари табиий ва 1 минг 644 гектари сунъий сув ҳавзалари ҳисобланади.

Жорий йилда вилоят бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш, 45 миллиард 445 миллион сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача Оқдарё ва Ургут туманларида 3 та лойиҳа ишга тушди.

Пайариқ туманида эса 460 гектар ҳавзада балиқчиликка ихтисослашган 72 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида улар томонидан 2 минг 69 тонна балиқ маҳсулоти етиштирилди.

Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.