Самарқандда замонавий спорт манежи фойдаланишга топширилди
Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг қайта реконструкция қилинган манежи фойдаланишга топширилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Россиядаги жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ректори Т.Михайлова иштирок этди.
– Муассаса тўлиқ замонавий спорт инвентарлари ва спорт жиҳозлари билан таъминланди, – дейди мактаб-интернат директори Рустам Маҳмудов. – Бир вақтнинг ўзида 600 нафар спортчи машғулотларда иштирок этиш имкониятига эга мажмуада спортнинг 14 тури билан шуғулланиши мумкин. Албатта, бу шароитдан унумли фойдаланган ҳолда иқтидорли спортчиларни тайёрлаб, халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.
Маълумотларга кўра, мазкур спорт иншоотини таъмирлаш ишларига 9 миллиард 700 миллион сўм ва 32 турдаги янги спорт инвентарлари учун 250 миллион сўм маблағ сарфланган.
А.ПЎЛАТОВ, Б.МУСТАНОВ (фото).