Самарқанддаги ноқонуний дорихоналарнинг фаолиятига қачон чек қўйилади?

Хитойда тарқалган коронавирус ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистонда тиббий ҳимоя ниқобларига бўлган талаб ошди. Бироқ дорихоналарда тиббий ниқоблар нархи 500 сўмдан 2000 сўмгача қимматлаб кетиши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев ва "Муштум" журнали мухбири Элдор Муҳаммадиев тиббий ниқобларнинг нархлари кўтарилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш жараёнида Самарқанд шаҳридаги айрим дорихоналар тегишли лицензияга эга бўлмасдан фаолият юритаётганига гувоҳ бўлишди.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Катта Ўзбек тракти кўчаси 16-уйда фаолият олиб бораётган дорихона ўрганилганда, истеъмолчилар бурчагига “Акрам” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона деб илиб қўйилган. Бироқ дорихона манзили бошқа бир манзилни кўрсатиб турган мазкур дорихона аслида ноқонуний фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди. Сотувчи 2000 сўмдан сотилаётган тиббий ниқобнинг нима сабабдан нархи оширилганлигини изоҳлаб беролмади. Ачинарлиси, мазкур дорихонада лицензиядан ташқари, сотувчи томонидан харидорлар учун маҳсулот чеки берилмаётганлиги ва аксарият дори воситалари ерда сақланаётганлиги каби қўпол камчиликлар ҳам кузатилди.

“Акрам” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона

Айнан шу кўчанинг 14-уйида жойлашган “Пирамида фарм файз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихонанинг аҳволини кўрган киши ҳайратдан ёқа ушлайди. Дорихонада ходимлар дам олиши учун ажратилган хонада дори маҳсулотлари санитария-гигиена талабларига зид равишда сақланмоқда. Бундан ташқари, дорихонада харидорларга чек берилмаяпти. Сотувчи, Азизхон Ориповдан бунинг сабаби сўралганда, чек қоғози тугаганлигини баҳона қилди. Дорохонанинг тегишли рухсатномаси ҳақидаги саволимизга “барча ҳужжатлар корхона раҳбарида” эканлигини билдирди.

“Пирамида фарм файз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона

Самарқанд шаҳридаги Обираҳмат кўчаси 2-уйда жойлашган дорихонанинг истеъмолчилар бурчагида “Шаҳризода Райхон фарм шифо” МЧЖга қарашли дорихона, деб ёзиб қўйилган бўлишига қарамай, аслида ушбу дорихона ҳам тегишли ташкилотдан рухсатнома олмай туриб фаолият юритмоқда. Ўзини мазкур МЧЖ раҳбари деб таништирган ва бир вақтнинг ўзида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган Дилафрўз Жалиловадан дорихона манзили тўғри кўрсатилган лицензияни сўраганимизда, барча хужжатларни олиб келишини айтиб, чиқиб кетди ва дорихонага қайтиб келмади.

“Шаҳризода Райхон фарм шифо” МЧЖга қарашли дорихона

Ўрганиш жараёнида Панжакент кўчасида жойлашган дорихонада кутилмаган ҳолат юзага келди. Дорихонанинг истеъмолчилар бурчагида осиб қўйилган пештахтадаги маълумот билан дорихона жойлашган манзил бир-бирига мутлақо тўғри келмайди. Мазкур дорихона Суғдиёна массивида жойлашган 21-уй манзили кўрсатилган “Согда Сардор фарм сервис” МЧЖга қарашли дорихонанинг лицензияси билан фаолият юритмоқда.

Панжакент кўчасида жойлашган дорихона

Қизиқ жиҳати шундаки, ўзининг ноқонуний фаолияти билиниб қолганлигини англаган дорихона сотувчиси бизни дорихонадан мажбурлаб чиқариб юборди.

Шу сабабли мазкур дорихона фаолияти тўғрисида аниқроқ ахборот олиш мақсадида ҳудуд солиқ инспектори Жавлон Бобуровга мурожаат қилдик. Ҳудуд инспектори билан бўлган суҳбатимиз эса бизни янада ажаблантирди. Сабаби, дорихона ҳақиқатдан ҳам лицензиясиз фаолият юритаётганлигини тасдиқлаган инспекторнинг масалани шу ернинг ўзида «бости-бости» қилишимизга «шама» қилишига, ҳудуд солиқ инспектори эмас, балки ўзини дорихонанинг манфаатдор вакиллидек тутишига тушунолмадик.

Самарқанд шаҳридаги Хўжа Аҳрор Валий кўчасида жойлашган “Аслиддин” ишлаб чиқариш тижорат фирмасига қарашли дорихона ҳам фаолият учун лицензияга эга эмас. Корхона ходими сифатида ўзини таништирган Жалол Муродов ушбу дорихона филиал эканлигини билдирди. Аммо амалдаги қонунлар асосида филиал дорихоналар учун ҳам алоҳида бериладиган лицензияни тақдим этолмади.

“Аслиддин” ишлаб чиқариш тижорат фирмасига қарашли дорихона

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар натижасида кўплаб тадбиркорлар фаолиятида енгиллик ва ўсиш кузатилмоқда. Бироқ мазкур «тадбиркор»лар аҳоли соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган амалдаги қонунларга жавобгарлик ҳиссини туймасдан уни “айланиб” ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Хўш, ноқонуний фаолият юритаётган бундай “тадбиркорлар”нинг фаолиятига мутасадди ташкилотлар қандай қарайди?