Самарқанддаги янги туризм университетига 125 талаба олинади. Ўқиш 1 октябрда бошланади

Шунингдек, Университет ректори Университет профессор-ўқитувчиларининг таркиби тўлиқ шакллантирилгунга қадар Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан сайланади, кейинчалик эса Университет уставида белгиланадиган тартибда профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан ёпиқ овоз бериш орқали сайланади.

Қарорда белгиланишича, Университетда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими қўлланилади.

Университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади, бакалавриатда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда иккита чет тили: биринчиси – инглиз (француз, немис) тили, иккинчиси – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг расмий тилларидан (рус, хитой) бири ўқитилади.

Ўқув жараёни 2018 йил 1 октябрдан бошланади.

2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриатига қабул қилиш квотаси 125 киши, жумладан, давлат грантларига кўра 42 киши этиб белгиланди.

Абитуриентларни, чет эл фуқаролари бундан мустасно, Университет бакалавриатига қабул қилиш тест синовларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Чет эл фуқаролари Университет бакалавриатига белгиланган қабул квотасидан ташқари суҳбат ўтказиш орқали тўлов-контракт асосида қабул қилинади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш квоталари сони туризм соҳасида меҳнат ресурсларига бўлган талаб прогнозидан ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг мақсадли буюртмаларидан келиб чиққан ҳолда, Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади;

илғор, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқалар) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган тартибда энг юқори балл берилади ва келгусида улар ушбу фанлар бўйича тест синовларидан озод қилинади;

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Меҳмонхона хўжалигини ташкил қилиш ва бошқариш” ҳамда “Туризм (фаолият йўналишлари юзасидан)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистратурага қабул тугатилади.

Ҳужжатда белгиланишича, кадрлар буюртмачилари, талабалар учун Университетни тамомлагандан кейин 5 йил давомида кадрлар буюртмачиси томонидан белгиланган ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мажбуриятларини ўрнатган ҳолда, улар ва талабалар ўртасида шартнома тузиш орқали талабалар контрактининг базавий қиймати тўловини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилиши лозим.

Бюджет маблағлари ҳисобидан Университетнинг профессор-ўқитувчилар таркибига ҳар ой лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида, туризм соҳаси бўйича халқаро миқёсда тан олинган хорижий олий таълим муассасалари дипломига эга бўлган ва Университет ўқув жараёнига тўлиқ ставкада жалб қилинган ўқитувчиларга – 150 фоизи миқдорида устама тўланади.

Университет ректорига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Университет ходимларига уларнинг иш ҳажми ва самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда улар лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча ойлик устама белгилаш ҳуқуқи берилади.

Қарорда туристик инфратузилма ва намойиш объектлари ҳамда мажмуалари, жумладан, маданий мерос объектлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, музейлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларидан Университет талабалари ва илмий ходимларининг амалиёт ўташ жойлари сифатида фойдаланиш тавсия этилган.

Қарорга асосан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  Самарқанд шаҳри, Университет шоҳкўчаси, 17-уй манзилида жойлашган Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейининг бино ва иншоотларини туташ ҳудуди билан биргаликда Университетга оператив бошқариш ҳуқуқи билан беғараз берилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 57-уй манзилида жойлашган Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини туташ ҳудуди билан биргаликда Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейига оператив бошқариш ҳуқуқи билан беғараз берилади.

Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежига 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қабул тўхтатилганлигини сабабли, Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежини Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи билан бирлаштирилади.