Самарқандлик банкирлар китобхонликда беллашди

Марказий банк Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоятдаги банк тизими ходимлари ўртасида “Энг китобсевар ходим” анъанавий кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” шиори остида ўтказилаётган мазкур танловнинг финал босқичи бўлиб ўтди.

– Танлов номидан аёнки, бу тадбиримиз банк тизими ходимлари орасида китобхонликни кенг оммалаштириш, ходимларнинг билими ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган, – дейди Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Сувонқулов. – Шунинг учун бу танловга тизим ходимлари ўртасида қизиқиш ошди, барча банкларда кутубхоналар ташкил этилди. Бу йилги танловда аввалги йиллардагидан кўп иштирокчи қатнашгани боиси ҳам шунда. Танловнинг дастлабки босқичи ҳар бир банкнинг ўзида ўтказилиб, 110 нафар ходим ички саралашлардан ўтди. Улар иккинчи босқичда онлайн тест синови топширди ва энг юқори балл жамғарган 11 нафар банкир финал босқичига йўлланма олди.

Якуний босқичда иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти, буюк мутафаккир ва адибларимиз ҳақидаги билимларини, шеърият бобидаги маҳоратларини намоён этди.

Самарқанднинг таниқли шоир ва ёзувчилари, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Халқ банки ходими Элёр Рўзиев танлов ғолиби бўлди. “Туронбанк” вакили Маъруф Тиркашев иккинчи, “Ориент финанс банк” ходими Ойбек Абдиев учинчи ўринни эгаллади.

Бошқа иштирокчилар ҳам турли номинациялар бўйича эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилди.