Самарқанднинг ободлигига кўз тегдими?
Самарқанд тарихий обида ва қадамжоларининг гўзаллиги, кўркамлиги ва баҳаво жойларининг ободлиги билан ер юзининг сайқали бўлиб келган. Аммо бугун шаҳарнинг ободлигига кўз теккандай назаримда.
Муаммони айтишдан аввал баъзи рақамларга эътиборингизни қаратсам.
Вилоят ҳудудида йил давомида ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг умумий миқдори 5422,6 минг тоннани ташкил этади. Шундан 466,5 минг тонна маиший чиқиндилар, 4956,1 минг тонна саноат чиқиндилари. Аҳолини санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2017 йил 33 фоиздан 2021 йилда 89,2 фоизга етказилган. Бу яхши албатта. Аммо шаҳарнинг айрим ҳудудида тўпланиб қолган чиқиндилар ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаётганини кўрсатмоқда.
Мисол учун, шаҳарнинг Регистон мажмуасидаги “Чорсу” галерияси ёнидаги кўкаламлаштирилган майдонда чиқинди қутилари бўла туриб, атрофи ўралган тўсинлардан “кулдон” ёки чиқинди қутиси ўрнида фойдаланилмоқда.
Шу ўринда савол туғилиши табиий. Ҳудудда чиқинди қутиси ўрнатилган бўлса, нега бундай ёқимсиз ҳолат кузатиляпти?
Сабаби, боғда чиқинди қутиси саноқли, тамаки чекиш ва чиқинди ташлашни тақиқловчи махсус белги ёки тартиб кўрсатилмаган.
Албатта, чиқинди қутилари кўпроқ ва яқин масофада махсус белгилар билан ўрнатилгани мақсадга мувофиқ. Айниқса, шаҳарнинг эътиборга молик жойларида. Чунки шаҳарга ташриф буюраётган меҳмонлар ва сайёҳларга қулайлик яратиш ҳамда вилоятимизнинг туризм салоҳиятини ошириш асосий мақсадимиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.