СамДУнинг педагогика институти ташкил этилади

Президентнинг  2020 йил 27 февралдаги “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Самарқанд давлат университетининг педагогика институти ташкил этилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли ҳудудда 5 йил ишлаб бериш мажбурияти билан халқ таълими ва мактабгача таълим соҳаларида олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар бўйича давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларини шакллантириш механизмлар жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ўқишга мақсадли қабул қилинган талабалар билан тегишли қабул йилининг 1 декабрь кунига қадар қарорда назарда тутилган мажбуриятларни акс эттирган шартномалар расмийлаштирилишини таъминлайди.

Педагогик фаолиятда умумтаълим фанлари муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда алоҳида иқтидор талаб этиладиган педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартиби жорий қилинади. Бунда, қоида тариқасида, мажбурий учта фан бўйича тест синовлари касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари эълон қилинганидан сўнг ўтказилиши белгиланади.