СамВМИ “AVS” лойиҳаси бўйича АҚШ билан ҳамкорлик қилади

Америка Қўшма Штатлари USAIDнинг “Қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжири” (AVS) лойиҳаси менежери, халқаро эксперт Lief Doerring Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.

Институт ректори, профессор Худайназар Юнусов ва соҳа мутахассислари иштирокидаги учрашувда лойиҳада Марказий Осиёда ягона ветеринария медицинаси институти иштирокини таъминлаш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

“AVS” лойиҳаси 2020-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади ишлаб чиқариш жараёнларига ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун малакали мутахассисларни етказиб бериш ва маҳаллий кадрларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа олий ўқув юртларининг хорижий таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашувини таъминлашни ҳам назарда тутади.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини   етиштириш, уларга ишлов бериш, сақлаш, қадоқлаш ва маркировка ҳамда ички, ташқи бозорларга реализация қилишни мувофиқлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа менежери Lief Doerringга USAIDнинг агробизнес бўйича бош мутахассиси Ғолибжон Маҳмудов ҳамроҳлик қилмоқда.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.