Сайёҳлар Самарқанд учун қанча маблағ сарфлаяпти?

Сайёҳларга яшаш шароитидан тортиб, шаҳар ичидаги сервис ва бошқа кўрсаткичлар юқори даражаларга кўтарилавермас экан, сайёҳлар оқими кўпайишидан умид қилиш қийин.

Мисол учун, Самарқандга 2016 йилда 178 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич уч баробардан кўпроқ, яъни 560 минг нафарни ташкил этди.

Маҳаллий сайёҳлар ташрифида ҳам бу кўрсаткичлар такрорланиб, уларнинг келиши 2019 йилда 3 миллион нафарни ташкил этди.

2021 йилнинг 11 ойи давомида вилоятимизга 2 миллион нафардан ортиқ маҳаллий ва чет эл сайёҳлар ташрифи кузатилди. Сайёҳлар ташрифи нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгариб, уларнинг ҳудудда қолиш кунлари 2016 йилдаги 1,5 кун ўрнига 2019 йилда 2,6 кунни ташкил этди. Сайёҳларнинг кунлик харажатлари 70 АҚШ долларидан 150 АҚШ долларига ўсди.

Табиийки, сайёҳларнинг Самарқандда кўпроқ қолишлари учун меҳмонхоналар энг нозик дидли сайёҳнинг ҳам талабига жавоб берадиган даражада бўлиши лозим. Самарқандлик оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган бу галги пресс-тур айнан шу масалага қаратилди. Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар Самарқанд шаҳридаги иккита янги меҳмонхона очилишига ҳам гувоҳ бўлишди.

- 2016 йилда жойлаштириш воситалари жами 99 та бўлган бўлса, ҳозирда улар 410 та бўлиб, бир вақтнинг ўзида 11 491 сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга, - дейди вилоят туризм ва спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Ўролов. - Бугунги кунда меҳмон уйлари ва хостелларнинг вужудга келиши туристик кўрсаткичлар кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўляпти. Жумладан, 2016 йилга қадар умуман бўлмаган ва бугунги кунда 2 054 ўринли 222 та меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Соҳада жойлаштириш воситалари сони уч бараварга, туристик корхоналар сони икки бараварга ўсди, 222 та хонадонда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, мазкур хонадон эгаларининг доимий бандлиги таъминланди.

Самарқанд шаҳрида шу кеча-кундузда ишга тушган “SHAHDIL” меҳмонхонаси 35 хона ва 70 ўриндан иборат бўлиб, мазкур мажмуа ҳалол стандартлари асосида фаолият олиб бориши билан ажралиб туради.

Янги очилган “AL MADINA SAMARKAND HOTEL” меҳмонхонаси эса жами 29 хона ва 60 ўриндан иборат бўлиб, мазкур мажмуа бутик меҳмонхона сифатида безатилганлиги билан вилоятдаги мавжуд бошқа меҳмонхоналар ичида алоҳида аҳамият касб этади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.