Сайёр қабулдаги мурожаат шу куннинг ўзида ҳал этилди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов жорий йилдаги илк сайёр қабулини Самарқанд шаҳрида ўтказди.
Ҳоким билан бирга вилоятнинг яна уч сектор раҳбари, вилоят Халқ қабулхонаси мудири ва бошқа масъуллар иштирокида ўтказилган қабулда туман ва шаҳарлардан келган фуқаролар иштирок этди.
Аҳоли турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, уй-жой коммунал хўжалиги муаммолари, шаҳарсозлик меъёрларининг бузилиши, оилавий низолар, мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатсизлиги ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар эшитилиб, ҳар бир муаммо назоратга олинди. Аксарият масалаларга масъуллар иштирокида шу ернинг ўзида ечим топилди.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Т.Конавалова уйида яшаш учун шароити йўқлигини билдириб, вилоят ҳокимидан ёрдам сўради. Ушбу масала дарҳол назоратга олиниб, шу куннинг ўзида фуқаронинг уйига мебель ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди.
Албатта, қабул давомида тўрт мучаси соғ бўлса-да ёки қўлидан иш келадиган оила аъзолари бўла туриб, боқимандалик кайфиятида ҳокимлик ва раҳбарлардан ёрдам сўраганлар ҳам бўлди. Бундай кишиларга ишга жойлашиш ёки бирор бир касб-ҳунар ўрганиб, рўзғор тебратиши учун ёрдам бериш тушунтирилди. Ноқонуний талаб ва асоссиз мурожаатлар рад этилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ёки оғир хасталикка чалинган фуқаролар, мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати бўлган кишиларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Олти соатдан ортиқ давом этган сайёр қабулда жами 822 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатлар асосан Самарқанд шаҳри аҳолисидан тушди. Шунингдек, Паст Дарғом, Пайариқ ва Самарқанд туманларидан келган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Ҳар бир мурожаатни қонунчиликда белгиланган муддатда кўриб чиқиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.