Сазағон нимстанциясига қўшимча 16 минг кVA қувват қўшилади
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоят ва республика ОАВ ходимлари учун Нуробод тумани электр тармоқлари корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда Нуробод электр тармоқлари корхонаси туманнинг 39 та маҳалласида истиқомат қилувчи 162 мингдан зиёд аҳолини электр энергия билан таъминлаб келади. 32440 та истеъмолчининг 31 мингдан зиёди аҳоли, 1385 таси юридик шахслар бўлиб, 28326 истеъмолчига АСКУЭ электр ҳисоблагичлари ўрнатилган.
Пресс-турда туманда электр таъминотини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Жумладан, тумандаги Сарой маҳалласида трансформатор ва 47 та темир- бетон устунлари ва 3,6 километр электр тармоқлари, Гирдиқўрғон маҳалласида трансформатор пункти ва 70 та темир-бетон устунлари ўрнатилиб 4,5 километрга яқин очиқ ва ёпиқ кабеллар тортилди.
Турли дастур ва қарорлар асосида туман бўйича 354 дона бетон-устунлар, 10 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 21,2 километрдан зиёд ҳаво электр узатиш тармоқлари тортилди. Шунингдек, 7 та маҳаллага қўшимча 154 дона устун қўйилиб, 8,7 километр 0,4-6-10 кВ электр тармоқлари янгиланди.
Пресс-тур иштирокчилари Амир Темур маҳалласида ўрнатилган янги 250 кВАлик трансформатор пункти ва бетон-устунлар ўрнатиш ва ёпиқ кабеллар тортиш жараёни ҳамда Сазағон маҳалласи ҳудудида жойлашган "Ургут" эркин иқтисодий зонасига қарашли 12 та ишлаб чиқариш корхоналарининг электр таъминоти билан яқиндан танишдилар.
"Ургут" эркин иқтисодий зонасида 16 минг кВА қувватга эга нимстанция қурилган бўлиб, у орқали ҳудуддаги 12 та ишлаб чиқариш корхонасидан ташқари Сазағон, Тепақул ва Сарой маҳаллаларининг 18 мингдан зиёд аҳолисини электр энергияси билан таъминланмоқда, - дейди корхона бош муҳандиси Ҳамид Кенжаев. – Тадбиркорлар томонидан яна ўндан зиёд корхона қурилмоқда. Шу сабабли жорий йилда қўшимча 16 минг кВАлик подстанция қуришни режалаштирганмиз. 3 километр юқори электр тармоқлари ҳам тортилиб, 100 дан зиёд темир-бетон устунлари ўрнатилади. Нимстанцияда кеча-кундуз навбатчилик ва авария бригадалари ташкил этилган.
Куз-қиш мавсумида авария ҳолатларини бартараф этиш учун 7 та тезкор бригада ва тунги навбатчилик ташкил этилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.