Сеулдан чартер рейс амалга оширилади. Йўловчиларни кутиб олмаслик сўралмоқда

2020 йил 8 март куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Сеул шаҳрига HY3553/3554 рақамли чартер рейсни амалга оширади.

Барча саволлар бўйича, шунингдек, чипта сотиб олиш масаласида Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонасига ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг ваколатхонасига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилинг:

Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Корея Республикасидаги элчихонаси: +822-574-65-54, +822-577-36-60

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Сеулдаги ваколатхонаси: +822-722-68-56, +8232-744-37-00

Ушбу қатнов Жанубий Корея ҳудудида коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кучайиши туфайли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда барча рейсларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Ҳар бир ҳаво кемасида замонавий диагностика ва шахсий ҳимоя воситалари, зарур бўлган тиббий препаратлар ҳамда вирусология соҳасидаги соғлиқни сақлаш ходимлари ва мутахассислари мавжуд.

Бу қатновнинг йўловчилари вақтинчалик жойлаштириш пунктига юборилади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар аэропортида йўловчиларни кутиб олмаслигингизни сўраймиз.

Келиш вақти ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туриши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилинг.