Севишган йигит ва қиз ота-онасини қўрқитиб қўйиш учун ўз жонига қасд қилди. Қиз вафот этди
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йил 15 сентябрь куни соат 11:40 ларда навбатчилик қисмига туман шифохонасидан фуқаро К.М.ни оғир тан жароҳати билан олиб келинганлиги ҳақида хабар тушган.
Аниқланишича, шу куни соат 11:00 ларда Наманган вилояти Косонсой тумани, Узунқишлоқ маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро И.М. ва Косонсой тумани Боғ маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро (аёл) К.М. бир-бирлари билан бир-неча йил давомида яхши кўришиб, ота-оналарининг турмуш қуришларига қаршилик қилганидан норози бўлиб, ўзаро келишган ҳолда ўз жонига қасд қилиш мақсадида дала майдонига бориб, ўзлари билан олиб келган ош пичоқ билан дастлаб К.М. яхши кўрган йигити И.М.нинг қорин қисмига бир маротаба урган. Сўнгра пичоқни И.М.га бериб, қорнига уришни сўраган ва И.М. пичоқ билан К.М.нинг қорин қисмига бир маротаба урган вақтида қиз ҳушидан кетиб, йиқилиб тушиши оқибатида пичоқ қизнинг қорин қисмига чуқур киргани оқибатида вафот этган. И.М. эса шифохонага ётқизилган.
Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки суриштирувларга кўра, И.М. ва К.М.лар 5 йил давомида ўзаро севишиб юрганлигига қарамасдан, К.М.нинг отаси қизини Косонсой тумани Тергачи маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган Ф.А.га унаштириб қўйганлиги сабабли, 2020 йил 14 сентябрь куни И.М. қизнинг отаси олдига бориб, қизини унга беришини сўраганда рози бўлмаган.
Шундан сўнг 15 сентябрь куни соат 09:00 ларда И.М. ва К.М.лар ўзаро телефон орқали келишиб, Косонсой тумани марказидаги истироҳат боғи олдида кўришиб, иккаласи биргаликда Косонсой тумани марказида жойлашган деҳқон бозоридан 1 дона ош пичоғини 4 минг сўмга сотиб олиб, ушбу туманнинг Такаранг маҳалласи, Фитрат кўчасида жойлашган "Намуна ширин" фермер хўжалиги дала майдонига борган.