Шаҳарни, ҳатто туман марказини кўрмаган ёшлар бор
Бу гапни ''Буюк юртнинг бахтли фарзандлари'' шиори остида ўтказилган икки авлод учрашувида нурободлик йигитлардан бири айтди.
- Тўғриси, ўзим ҳам Самарқанд шаҳри у ёқда турсин, туман марказига бормаганман, - дейди у. - Бугунги учрашув баҳона Самарқандга, ҳатто дунё аҳли бир кўришга қизиқиб турган ''Боқий шаҳар'' мажмуасига саёҳат қилдик.
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маркази биносида ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида ўтказилган учрашувда мудофаа, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фахрийлари, ички ишлар профилактик ва пробация ҳисобига олинган ёшлар, ўқувчи-талабалар ва ёшлар етакчилари иштирок этди.
Унда вилоят фахрийлар кенгаши раиси, подполковник Рашид Шеров, Марказий ҳарбий округ ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, майор Аброр Тошпўлатов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиздаги тинчлик, Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.
Учрашувнинг иккинчи қисмида "Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказига қилинган саёҳат ёшларда катта тассурот қолдирди.
Ғофиржон БОБОБЕКОВ.