Шерзод Шерматов рус тили фани ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича Россия билан ҳамкорлик қилмоқчи
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденов рус тили фани бўйича ўқишни такомиллаштириш, шунингдек, барча мактабларга рус тили фани ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.
Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган мазкур учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, юртимиздаги барча рус тили фани ўқитувчиларини қайта тайёрлаш учун Ўзбекистон россиялик мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидланди.
Россиялик ҳамкорларга мамлакатимиз ўқитувчиларини рус тилида билимларни синаб кўриш ва натижаларга кўра уларни қайта тайёрлаш дастурини амалга ошириш таклифи берилди.
Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистон ёшлари учун Россия университетларида педагогика йўналишида ўқишни ташкил қилиш масаласини кўриб чиқди.
Ўзбекистон томони россиялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ушбу соҳадаги таълим сифатини оширадиган ўқув дастурлари ва рус тилидаги дарсликларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
Халқ таълими вазири ва Россия Федерацияси элчиси юртимиз мактабларига қўшимча бадиий адабиётлар тақдим этишда рус тилида таълим олиб борилмайдиган мактабларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш бўйича фикр билдирди.
Учрашувда республикамиздаги барча мактаб битирувчилари камида 3 та тилни - давлат, рус ва инглиз тилларини билиши кераклиги таъкидланди.