ШҲТ тарихан қисқа даврда катта йўлни босиб ўтди
Бугун дунё ҳамжамияти нигоҳи кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтилиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига қаратилмоқда. Бу ташкилотнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, мавқеи борасида муҳтарам Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, унинг тарихий аҳамияти очиб берилди. Хусусан, унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини юзага келтирувчи омиллар, унинг мақсад ва вазифалари, эришган ютуқлари ҳамда истиқболли режалари борасида фикрлар келтирилади.
Мақолада дунёдаги глобал хавф-хатарларни ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда бартараф этишга қодир эмаслиги, шунинг учун мамлакатлар кўп томонлама ҳамкорликда иш юритиши зарурлиги айтилган. Шунингдек, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш барча учун бирдек манфаатли экани таъкидланади.
Бундан ташқари, минтақавий ва глобал миқёсда давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мақсад ва вазифалари борасида тўхталиб ўтилади.
Мақолада Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга бўлиб, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши ҳаракат қилмаслиги таъкидланади. Шунингдек, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик каби вазифаларнинг белгилаб олингани ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Ташкилот ўз олдига халқаро ва минтақавий ташкилотлар, мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантириш каби вазифаларини қўйган.
Бугунги кунга келиб, улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотлардан бири сифатида эътироф этилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий ютуқлари борасида Президентимизнинг концептуал мақоласидан шундай фактлар келтириш мумкин:
биринчидан, ташкилот (ШҲТ) маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма сифатида тарихий миссиясини оқламоқда;
иккинчидан, тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди. Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови сифатида қаралаётган – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриш ғояси – дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда;
учинчидан, ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.
Улуғбек Яздонов,
Элбек Тоғаймуродов,
ТДАУ Самарқанд филиали ўқитувчилари.