Шифокорлар ҳақида қўшиқ қандай яралган эди?
1990 йил. Қиш кунларидан бирида «Сихат-саломатлик» таҳририятида истеъдодли ёзувчи-журналист Марҳамат Муслимов билан суҳбат қуриб ўтирган эдик. Хонага шоир Пўлат Мўмин кириб келди. Гап устида у киши «Жонга жон шифокорлар» шеърининг ёзилиш тарихини айтиб берди.
... Пўлат ака Тошкент шаҳар 2-шифохонасида даволанаётганида Ўзбекистоннинг буюк кишилари археолог Яҳё Ғуломов, узумчилик билимдони Ризамат ота, табобатимиз мураббий профессорлари Абдулла Ҳошимов, Мунира Турсунхўжаева билан суҳбатда бўлади. Шунда А.Ҳошимов ва М.Турсунхўжаева Пўлат Мўминдан гина қилиб, “Кўплаб касб ходимларига шеър ва қўшиқлар бор-у, нега шифокорлар ҳақида қўшиқлар битилмаган” деб сўрашади.
Хижолатда қолган шоир касалхонадан соғайиб чиққач, «Шифоингиз» радифи билан бир ғазал ёзиб келади. Ғазал ҳар икки шифокорга маъқул бўлса-да, шоирнинг бу билан кўнгли тўлмайди.
Улар ҳам:
- Агар сиз биздан даво топмаганингизда бу ғазални битмас экансиз-да, - деган гапни айтишди.
Шунда шоир уйига келиб қуйидаги мисраларни ёзади:
Мен сиздан даво топдим, жонга жон шифокорлар,
Мақсадим саломатлик,
жонга жон шифокорлар.
Инсоннинг ҳаётига, чанг солса агарда хавф,
Илмини қурол қилгай посбон шифокорлар.
Чин дилдан юракларга, бергайсиз даво-малҳам,
Меҳрингиз қуёш гўё, жонажон шифокорлар.
Бу чаманда - ҳаётда, одамлар очилган гул,
Гулзорга қараб юрган, сиз боғбон шифокорлар.
Илмингиз қуёшдай, қалбларга югургай нур,
Халқ учун бўлинг сиз ҳам соғ-омон, шифокорлар.
Кейин шеърга куй басталаш учун Имомжон Икромовга олиб боради. Хонанда Абдуваҳоб Эргашев қўшиқ ижро этади. Йиллар ўтиши билан қўшиққа бастакор ва машҳур созанда Комилжон Жабборов янгидан куй басталаб, уни ижро этишни Коммуна Исмоиловага топширади. Шундан сўнг қўшиқ ўзининг ҳақиқий ижросини топади.
Қаҳрамон БЕРДИЕВ.