Шифохоналарда ёпилган эшиклар хосписларда очилади
Хоспис тушунчаси мамлакатимизга кириб келган бўлса-да, ҳозирча унинг асосий фаолияти кўпчиликка яхши таниш эмас. Ваҳоланки бу тушунча хорижда аллақачон шаклланган ва унга мурожаат қилаётган беморлар қаерга келгани ва нима учун бораётганини яхши билишади. Бизда-чи мазкур тушунчани қанчалик англаяпмизми? Самарқандда мамлакатимиздаги саноқли хоспислардан бири ишлаётганидан одамлар хабардорми?
Самарқанд шаҳар, Кимёгарлар қўрғонидаги эски шифохоналардан бири маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ реконструкция қилиниб, қайта жиҳозланиб ҳудудлараро хоспис сифатида иш бошлаганига бир йилдан ошиб қолди. Муассасанинг асосий мақсади оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатишдан иборат. Мазкур хоспис самарқандликлар билан бир қаторда қўшни Навоий, Қашқадарё вилоятлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.
- Аввало аҳолига паллиатив ёрдам кўрсатиш ҳақида батафсилроқ тўхталиш лозим, - дейди хоспис бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Нодир Раҳимов. – Чунки бизнинг вазифамиз оғир аҳволдаги беморнинг аҳволини енгиллатиш ва умрини узайтириш учун мўлжалланган ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Тасаввур қилинг, оғир аҳволдаги, айниқса онкологик, клиник иммунологик касалликлари бор бемор касалликнинг энг оғир босқичларида. Уни бу ҳолатда шифохоналар қабул қила олмайди, сабаби, стандартлар бўйича ушбу беморга барча тиббий хизматлар кўрсатилган. Лекин шундай бўлишига қарамай, уни турли даражадаги оғриқ ва бир нечта асоратлар билан узоқ муддат уйида, шунчаки тақдир зайлига ташлаб қўйиб бўлмайди. Уларнинг дардига дармон бўлиш, сифатли ёрдам кўрсатиш жуда муҳим. Айниқса, бундай беморлар мавжуд оилада хонадон эгалари учун мураккаб вазият юзага келади. Улар бемор парвариши ҳақда яхши тушунчага эга бўлмайди, доимий оғриқлар ва узоқ вақт ётоқ оқибатида келиб чиқадиган касаллик асоратларининг олдини ололмайдилар. Тўғри, хосписда беморлар йиллаб қолмайди, бунинг ҳам ўзига яраша стандартлари бор. Мисол учун бизда беморлар кўпи билан олти ойгача даволаниши мумкин. 50 ўринли хосписдаги палаталарнинг ҳар бири икки кишилик. Биттасида бемор ётса, иккинчисида унинг қаровчиси бўлади. Яъни биз бемор қаровчиларига ҳам унга тўғри қарашни параллел тарзда ўргатиб борамиз.
Президент қарори асосида ташкил этилган хосписда даволаш стандартлари тўлиқ хориж тажрибаси асосида, бепул олиб борилмоқда. Аммо бу тажрибани қўллашда бизнинг беморларнинг аҳвол-руҳиятини ҳисобга олган ҳолда иш кўрмоқдамиз. Яхши биласиз, хорижда беморнинг ҳолати унга тўлиқ баён этилади, яъни қанчалик оғир бўлмасин, бемор ўзининг ҳақиқий ташхиси ва аҳволини билиши керак. Шунинг учун ҳам хосписга келаётганларда бу ердаги муолажалар ҳақда тушунча бўлади. Аммо бизда ҳалиям беморларга, иложи борича, унинг ҳолати айтилмайди, бу кўпроқ уларнинг яқинлари илтимосига кўра бўлади.
Олти нафар шифокор, 23 нафар ҳамшира ва шунча кичик тиббиёт ходими фаолият олиб бораётган мазкур муассасада шу пайтгача 1,5 минг нафар бемор даволаниб, дардини енгиллаштириб кетди. Инсон ҳаёти шундай: тўсатдан, ҳеч кутилмаган ҳолатга тушиши, етти ухлаб тушингга кирмаган воқеалар гувоҳига айланишинг мумкин. Шахдам қадамлар ила юрганимизда саломатлигимиздан айрилиб қолишимиз ҳам ҳеч гапмас. Шундай пайтда ўзини мардонавор тутган инсон аслида умридан нолимаса ҳам бўлади, демак у бу ҳаётдан кўп нарсани ўзлаштирибди.
Хоспис қайсидир маънода шундай, мардонаворликни тарбия қиладиган макон.
- Бу ерда ишлашнинг ўзига хос мураккабликлари бор, - дейди хоспис шифокори Аваз Муродов. – Одатда, шифокор беморни тўлиқ даволаб, соғайиб кетганидан руҳланади, ишидан қайсидир маънода завқ олади. Бу ерда эса беморларга доимий қаров ва парвариш лозим. Руҳияти жуда нозиклашган, шифохоналарда ётавериб, чарчаган, демакки, умидсизликка тушган беморлар бўлади. Уларнинг кўнглини олиш қийин, ҳар бирига тўғри сўз топа билишингиз керак. Афсуски, келувчилар, айниқса онкологик касалликлар билан оғриган беморлар орасида ўз айби билан касаллигини ўтказиб юборганлар ҳам бўлади. Яъни шифокорларнинг саратон, деган ташхисини қабул қила олмай, табибма табиб юрган беморлар ҳам кўп. Натижада улар шунақа оғир аҳволда келишадики, уларга ҳар қандай муолажа ҳам таъсир қилмайди.
Кўплаб хасталикларга даво топилаётган, энг замонавий, илғор технологиялар жуда катта тезликда мамлакатимизга кириб келаётган бир пайтда бутун дунёдаги каби хоспис инсон дардини енгиллатиш учун ягона чорадир.
Шунинг учун ҳам 2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этиш тегишли меъёрий ҳужжатларда белгиланган.
Эндиликда оғир аҳволдаги беморларга шифохоналарда ёпилган эшиклар хосписларда очилади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.