Шилқим Берия - арбоб қиёфасидаги ёвуз кимса...

Лаврентий Павлович Берия 1899 йилда Абхазияда туғилган. Миллати грузин. 1919 йилдан Бокудаги билим юртини тамомлаган. 1921-1931 йилларда ЧКГПУда ишлаган. 1931-1938 йилдан партия ишида - Кавказорти ўлка комитетида котиб, биринчи котиб, Грузия марказий комитети биринчи котиби бўлиб ишлаган. 1938 йилдан СССР ички ишлар халқ комиссарлари совети раиси ўринбосари, раиси бўлиб хизмат қилган. 1941 йил СССР халқ комиссарлари раисининг ўринбосари этиб тайинланган. КПСС ва Марказий комитетининг 1953 йил июль пленумида КПСС Марказий комитети ва КПСС аъзолигидан чиқарилган. СССР Олий Совети президиумининг қарори билан иши СССР Олий судига оширилган. Суд қарори билан 1953 йил 23 декабрда отиб ташланган.

Ушбу мақолани Бериянинг таржимаи ҳолидан келтирмасдан ҳам бошлашимиз мумкин эди. Таржимаи ҳолига эътибор берган бўлсангиз, Берия мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилган. Ҳамюрти, ҳаммиллати бўлгани учун ҳам И.В.Сталиннинг ҳурматини қозонган (аслида Берия ҳар хил ҳийла-найранг, макр ишлатиб, чақимчилик ва лаганбардорлик орқали Сталинга яқинлашиш йўлларини қидирган ва бунга эришган ҳам).

Бу катта ишонч Берияни ниҳоятда талтайтириб юборади. Беқиёс ҳокимиятга эга бўлган Берия 40 ёшга ҳам етмай, буюк мамлакатнинг ички ишлар халқ комиссари бўлади. Сиз юқорида танишганингиз таржимаи ҳол ҳақида Берия ҳибсга олингач, айрим сирлари очилиб қолди. Уни яқиндан билган ва бирга ишлаганларнинг гувоҳлик беришича, 1921 йилда Берия чекистлар агенти бўлмаган, аксинча, оқ гвардиячилар айғоқчиси бўлиб хизмат қилган. Лекин Бериядан қўрқиб бу ҳақиқатни ҳеч ким очиқ айта олмаган. Бу сирни билганларнинг деярли барчасини эса Берия аллақачон ўлдириб юборган. Собиқ СССРнинг таниқли кишилари орасида Бериянинг номи ҳам тез-тез тилга олинарди. Аниқроғи, собиқ Иттифоққа Сталин раҳбарлик қилган йиллари Берия мамлакатда иккинчи шахс ҳисобланарди.

Умуман олганда, бу мақолани ёзмаслик ҳам мумкин эди. Айримлар ўтган асрда яшаган бир қонхўр ҳақида орадан шунча йил ўтиб ёзиш шартмикан, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Нега энди ҳозирги навқирон ёшдаги муштарийлар бир пайтлар 10 минглаб ўзбек зиёлилари ҳам шу қора юрак комиссарнинг буйруғи билан қатағон қилинганини билмасликлари керак?

...Бериянинг кўплаб жазманлари бўлгани ҳақида у ишлаб турган пайтда ҳам кўплаб гап-сўзлар бўлган, кичик давраларда мансабдорлар томонидан ўзаро муҳокама ҳам қилинган. 1953 йилнинг 2-7 июль кунлари бўлиб ўтган КПСС Марказий комитетининг пленумида бу ҳақда рўй-рост айтилди. Ўша пайтда КПСС Марказий комитетининг секретари бўлиб ишлаган Н.Н.Шаталин шундай ҳикоя қилади: "Марказий комитет топшириғи билан Бериянинг хизмат хонасидан айрим ҳужжатларни топиш вазифаси менга топширилган эди. Вазифани бажара туриб муҳим ҳужжатлар сақланиши лозим бўлган сейф ва бошқа жойлардан кўплаб миқдордаги аёллар ички кийимлари ва улар учун зарур бўлган бошқа қимматбаҳо буюмлар чиққанлиги гуруҳимиз аъзоларини ҳайратга солди. Улар орасида аёллар чулкисидан тортиб триколар, рўмоллар, спорт костюмлари, турли аёллар дастрўмолларини учратиш мумкин эди. Диққатга тортгани, уларнинг барчаси чет элларда ишлаб чиқарилганди. Шу куни Бериянинг хизмат хонасида 29 хилдаги аёллар кийим-кечаклари топилиб, рўйхатга олинган эди".

18 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Бериянинг шахсий қўриқчиси бўлиб хизмат қилган Саркисовнинг айтишича, Берия чет тиллари олийгоҳи талабаси Мая исмли қиз билан яқиндан алоқада бўлган. Бериядан ҳомиладор бўлган Мая аборт қилдиришга мажбур қилинган. 18-20 яшар Лилиядан эса Бериянинг ўғли бўлиб, ёш жазманини ўзининг ўринбосари Б.П.Обручниковнинг дала ҳовлисига жойлаштирган. М. исмли жазманидан орттирган ўғлини эса Москвадаги болалар уйига топширтирган. Яна бир жазмани Софияни эса СССР ички ишлар вазирлигига қарашли санитария қисми бошлиғи Волошиннинг шахсан ўзи ҳомиласини туширган. Шуниси қизиқки, Бериянинг топшириғига кўра қўриқчилар бошлиғи Бериянинг қанча аёл билан яқин алоқада бўлганининг рўйхатини тузиб борган. Саркисовнинг айтишича, 25 нафар аёлнинг исми, фамилияси, турар жойи, телефон рақами ён дафтарчасига ёзиб борилган. "Ишонмасангизлар уйимдаги камзулим чўнтагида рўйхат турибди, олиб кўришларингиз мумкин", деди у. Рўйхатни топиб келтиришганда унда 25 та эмас, 39 та фамилия қайд этилган экан. Бериянинг судида давлат қораловчиси бўлган СССР Бош прокурори Руденконинг айтишича, кейинчалик бу рақам 62 тага етган ва бу фамилияларни Саркисов ва Надариялар 9 та рўйхат бўйича ёзиб борган. Буларни сўроқ пайтида Бериянинг ўзи ҳам тан олган. Шунингдек, 7-синф ўқувчиси билан алоқаси туфайли бола орттиргани ҳақида ҳам айтиб берган ва "қизчанинг розилиги билан бу иш содир бўлганди", деб ўзини  оқламоқчи бўлган. Собиқ КПСС Марказий комитети биринчи котиби Н.С.Хрушчевнинг ёзишича, Берия кўзга яқин аёлларни ҳар хил йўллар билан кабинетига ёки дала ҳовлисига чақиртирган ва доҳий Сталиннинг соғлиғи учун қадаҳ кўтаришларини талаб қилган. Винога эса уйқу дори ёки бошқа тез таъсир қилувчи дорилардан қўшиб қўйишни унутмаган...

Саркисовнинг гувоҳлик беришича, фоҳишалар билан яқин алоқада бўлган Берия (сифилис) касалига йўлиққан. Буни сўроқ пайтида ўзи ҳам тан олиб, 1943 йилда сўзақдан даволанганини айтган.

Л.Берия кўзига яхши кўринган аёллар билан то яқин алоқада бўлмагунча, агар улар қаршилик кўрсатсалар, разилларча муносабатда бўлган. Чунки ҳар қандай бокира аёл ҳам тепакал, кўзидан кўзойнаги сира тушмайдиган хотинбоз билан алоқада бўлишни хушламаган. Иффатли, оиласига содиқ бўлган аёллар Бериянинг шартига кўнмагани учун қамалган ёки турли йўллар билан шаҳардан бадарға қилинган. Айримларининг эрлари эса ҳеч бир сабабсиз, турли баҳоналар билан қаматтириб юборилган. Бу Бериянинг эҳтиёткорлиги эдими ёки бошқа бир мақсадни кўзлаганми, буниси бизга қоронғи. Лекин Бериянинг жазманлари учун маблағни аямагани, уларга эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмагани ҳақиқатга анча яқинга ўхшайди. Унинг жазманлари орасида изсиз йўқолганлари ҳам кўп бўлган.

Тайёрловчи: Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.