Сингапурда COVID-19 белгиларини аниқлашда ёрдам берувчи махсус узатма тайёрланди
Сингапурлик олимлар COVID-19 билан касалланиш белгиларини қайд этиш имконини берувчи махсус узатмалар тизимини ишлаб чиқди. Уни оддий ниқобга ҳам жойлаштирса бўлади. Бу ҳақда Straits Times нашри хабар берди.
Мутахассислар махсус “мониторинг тизимини” ишлаб чиқдилар. Унинг узатмалари тана ҳарорати, қоннинг кислород билан бойитилганлик даражаси, артериал қон босими ва юрак уриш тезлиги ҳақидаги маълумотларни кўрсатиб туради. Мазкур кўрсатмалар асосида коронавирус инфекцияси билан касалланганлик тўғрисида хулоса қилиш имкони пайдо бўлади.
Профессор Ло Сянь Цзюньнинг сўзларига кўра, ушбу тизимни кўп марталик ёки бир марталик ниқобнинг юз билан туташадиган қисмига жойлаштириш мумкин. Назарий жиҳатдан чип жойлаштирилган ниқобни ювса ҳам бўлади.
Шунингдек, “ақлли ниқоблар”ни касалхоналарда, коронавирус билан касалланган беморлар кўрсаткичларини масофадан туриб назорат қилиш учун ҳам қўлласа бўлади.
Тадқиқотчилар ўз ихтироларининг клиник синовларини сентябрь ойининг охирида ўтказишни режалаштирмоқда. Лаборатория шароитида битта тизимни ишлаб чиқариш 50 Сингапур доллари (36,5 АҚШ доллари атрофида) атрофида маблағ талаб қилмоқда. Бироқ оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, битта ниқобнинг нархи 20 Сингапур доллари (14,6 АҚШ доллари) атрофида бўлиши айтилмоқда.