SIUT: Талабалар йирик халқаро компанияларда амалиёт ўтамоқда

Ҳар қандай назария амалиёт билан мустаҳкамланиши керак, айниқса муҳандислик соҳасида. Чунки малакавий амалиёт бўлажак муҳандислар учун кадрлар тайёрлаш тизимининг ажралмас қисми бўлиб, у бўлгуси муҳандисларда касбий маҳоратни шакллантириш ва уни янада ривожлантиришда асосий омил вазифасини ўтайди. Шу боисдан Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да талабалар хорижлик профессорлар, мутахассислар, юқори даражадаги тренерлар жамоасидан таълим олиш билан бир қаторда жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатаётган корхоналарда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятига ҳам эга бўлишмоқда.

SIUTнинг бутун ўқув дастури у тоғ-кон, геология ва нефть-газ муҳандислиги бўйича дунё етакчиларидан бири “Colorado School of Mines” – АҚШнинг Колорадо кончилик мактаби Давлат илмий-тадқиқот университети билан ҳамкорликда тайёрланган. SIUTнинг ўқув жараёнлари дуал таълим тизимига асосланган бўлиб, талабалар биринчи курсданоқ Ўзбекистондаги йирик нефть-газ компаниялари (Eriell гуруҳи, Enter Engineering, Саноат энергетика гуруҳи) объектларида ишлаб чиқариш амалиётларига жалб этилган.

Жорий йилнинг 21 майидан 20 июнигача SIUTда таҳсил олаётган 1-босқич талабалари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди. Амалдаги ўқув режага асосан, дарс жараёнидан ажралган ҳолда, муҳандислик ва энергетика (School of Engineering, CIEP, KITCдаги “Қайта тикланадиган энергетика”) йўналишлари талабалари малакавий амалиётни ўташ учун Қарши шаҳрида жойлашган “Eriell Prof Education” ўқув маркази, «Самаркандкимё» заводи, “Хишрав ГЭС 2-Б” гидроэлектр станцияси, Чўпонота қуёш электр станциясида; “Халқаро логистика” йўналиши талабалари – “Prime Samarkand” логистик компаниясида; “Тадбиркорлик ва менежмент” йўналиши талабалари – университет қошидаги WIN марказида ташкил қилинадиган MAP трейнинг курслари, “EasyBooking” компанияси, “Orient-Star” ва “Grand Samarkand Superior” меҳмонхоналари, “Silk Roads Destinations – C.A.T.I.A.” туристик агентлиги; “Ахборот технологиялари” талабалари – «Узтелесом» АЖ, “SamIT Global” компаниясида;  «Дизайн» таълим йўналиши талабалари эса университет қошидаги Медиа Марказида амалиёт ўтадилар.