Соғлиқни сақлашга ажратилган миллиардлар аҳоли саломатлигида кўринади

Вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Оқбўтаев иштирокида ўтган матбуот анжуманида соғлиқни сақлаш тизимига ўтган йил давомида ажратилган маблағлар ҳақида келтирилган маълумотларни ёзадиган бўлсак, миллиардлар  триллионларга уланади ва катта жойни эгаллайди. Муҳимларини ёзамиз.

- Ўтган йил давомида пандемия аксарият бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик-маошларига таъсир кўрсатган бўлса-да, аммо соғлиқни сақлаш тизими ходимлари хизмат ҳақлари ҳамда ушбу соҳага ажратилаётган маблағ олдинги йиллардан ортиқ бўлди, - дейди О.Оқбўтаев. – Бу йил ҳам ушбу тизимга ажратилаётган маблағ ўтган йилгидан кам эмас, аксинча анча ортиқ, маҳаллий бюджетнинг 43 фоизини ташкил қилади. Ҳозирги кунга қадар замонавий тиббий ускуналар келтирилгани туфайли болалар кўп тармоқли шифохонасида 385 нафар болада операция муваффақиятли амалга оширилди, уларнинг яшаши учун имкон берилди. 27 нафар болада мураккаб операциялар тиғсиз ўтди. Бундан ташқари,  вилоят кардиология диспансерида катталар юрагида шундай операциялар ўтказилди, эшитишдаги нуқсонни эрта аниқлаш, буйрак етишмовчилигида гемодиализ амалиётини бажариш учун шароитлар яратилди. Буларнинг барчаси миллиардлаб маблағ эвазига келтирилган жиҳозлар ёрдамида амалга оширилди.

Журналистларни қизиқтирган, яъни пандемия пайтида нега баъзи шифокорлар ўз маблағини керакли пайтда ололмагани, бу молия муассасаси томонидан пул ўз вақтида ажратилмагани билан боғлиқмиди, соҳадаги молиявий коррупция ҳолатлари бўйича саволларга ҳам батафсил жавоб берилди.

- Текширувларимиз натижасида коронавирус хасталигига чалинган беморларни даволаш ишларида иштирок этган тиббиёт ходимларининг баъзилари ҳақида буйруқ ҳам чиқмаганлиги кузатилганди, - дея изоҳ беради вилоят молия бошқармаси бўлим бошлиғи Дилшод Сиддиқов. – Баъзида соҳа ходимларининг ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида англаб олмаслик ҳолатлари ҳам учради. Текширувларимиз давомида уларни аниқлаб, тегишли чоралар кўрилди.

Кейинги йилларда молия соҳаси шаффофлиги таъминланаётгани, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида бюджет маблағлари сарфланишига оид маълумотлар ўз вақтида бериб борилаётгани, мурожаатларни ўрганиш учун кадрлар тайинлангани, молиявий масалалар вилоят миқёсида ўз ечимини топаётгани эътироф этилди.