Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соғлом турмуш тарзи нафақат тана соғлиғига, балки инсоннинг ташқи кўринишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади

Cоғлом турмуш тарзи нима? Унинг таркибий қисмлари нимадан иборат? Бу савол соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашга интиладиган деярли ҳар бир кишини қизиқтиради. Соғлом турмуш тарзи нафақат тананинг соғлиғини яхшилашга, балки инсоннинг ташқи кўринишига ҳам таъсир кўрсатади.

Мезонлари
Бу тўғри овқатланиш, одамнинг ёши ва ҳолатига мос келадиган жисмоний машқлар қилиш, тамаки чекмаслик, алкоголь истеъмол қилмаслик, вақтида ухлаш каби инсон танасининг ҳолатига ижобий таъсир қиладиган мезонлардир. Соғлом турмуш тарзининг асосий қоидаларига риоя қилган киши атрофдагилардан ажралиб туради. Унинг кўриниши соғлом, юзининг ранги тоза, қад қомати тик, қарашлари жонли, ҳар доим куч-қувватга эга ва ҳатто қизиқувчан бўлади.

Қандай бошлаш керак?
У инсоннинг нотўғри яшаётганлигини англашдан бошланади ва ҳар бир киши учун бу турли хил йўллар билан - кимдир тарозидаги рақамларга қараса, кимдир ўзини ҳаётдан қониқмаслиги, чарчоқ, ғамгинлик ва тез-тез касал бўлиши орқали аниқлаб олади.
Баъзида одамлар кўп йиллар давомида фақатгина тўғри овқатланиш ёки мавсумий шамоллашларнинг олдини олиш муаммоларини ҳал қилиш етарли деб ҳисоблашади. Бироқ соғлом турмуш тарзи - бу нимадандир бошлаб, катта нарсаларга интилиш билан ўзини мукаммалаштириш бўйича қилинадиган кенг кўламли чора-тадбирлардир.

Нормал овқатланиш
Нормал овқатланишнинг асосий қоидаси меъёр ва хилма-хилликдир. Чунки организм барча керакли озиқ моддалар ва микроэлементларни олиши лозим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, бир кунда одам камида 200 грамм мева ва 300 грамм сабзавот истеъмол қилиши керак. Шунингдек, истеъмолда сут ва сут маҳсулотлари, тухум, дуккакли маҳсулотлар, балиқ, ёғсиз гўшт ва ёнғоқ бўлиши керак. Ёғлардан ўсимлик мойларига афзаллик берилади. Аммо пишириқ, хамир овқатлар ва бошқа ширинликлар жуда чекланган миқдорда истеъмол қилиниши керак.
Соғлом ва тўғри овқатланиш ичак саратони, ич қотиши, геморрой, гарстрит, атеросклероз, гипертония, остеопороз ва бошқа кўплаб касалликларнинг олдини олиш учун асос бўла олади.

Жисмоний фаол ҳаёт
Жисмоний фаоллиги бўлмаган кишида комиллик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида спорт ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Жисмоний машқлар қон айланиши, бўғимлар ҳаракати ва маълум бир гормонлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиришга ва инсон танасининг умумий ҳолатини яхшилашга кўмакдош бўлади.

Ҳордиқ
Инсон танаси, албатта кунлик, ҳафталик ва йиллик дам олишга муҳтож. Бу унинг асосий фаолиятига боғлиқ. Масалан, жисмоний меҳнатдан сўнг ухлаб олади, қизиқарли китоб ўқийди ёки шунчаки севимли курсида ўтириб ҳордиқ чиқаради, агар иш фаолияти камҳаракат тоифага кирса, спорт залига ёки тоза ҳавога қилинган сайр яхши дам олиш билан баробар ҳисобланади.

Зарарли одатлардан воз кечиш
Агар одам тананинг умумий ҳолатига патологик таъсир кўрсатадиган зарарли одатлардан халос бўлмаса, мувозанатли овқатланиш ва жисмоний фаол турмуш тарзи тўлиқ самара бермайди. Чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва спиртли ичимликларнинг ножўя истеъмоли, албатта инсон саломатлиги учун зарарли. Шунинг учун соғлиғингизни сақлаб қолиш учун улардан воз кечиш ўринли.

Фаровонлик
Узоқ умр кўрган инсонлар иштирок этган тадқиқотларга кўра, уларда нафақат тўғри овқатланиш ва етарли даражада жисмоний фаоллик, балки ҳаётга ижобий муносабат, майда нарсалардан завқланиш қобилияти намоён бўлган. Кундалик ҳаётдаги ижобий нарсаларни кўра билиш, бахт ҳисси билан яшаш, бировга ҳасад қилмаслик ва ўзи билан уйғунликда яшаш орқали соғлом турмуш тарзига маънавий жиҳатдан ёндашса бўлади.

Хулоса
Соғлом турмуш тарзига амал қилиш мураккаб юмуш эмас, фақат унинг қанчалик зарурлигини англаш кифоя.
Муҳими, узоқ йўл биринчи қадамдан бошланганидек, соғлом турмуш тарзи амалларига риоя қилиш бизнинг ҳар биримиз соғлиғимизни мустаҳкамлайдиган ёки уни йўққа чиқарадиган хатти-ҳаракатлар ўртасида ҳар куни қилишимиз керак бўлган онгли танловга боғлиқ.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.