Солиқ тўловчининг шахсий кабинети нима?

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган, солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни электрон тарзда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурсидир.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар солиқ тўловчининг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали унинг ёзма аризаси, шу жумладан ахборот тизими орқали юборилган электрон шаклдаги аризаси асосида амалга оширилади.

Солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органи ўртасидаги ўзаро муносабатлар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон ҳужжат юборилганда солиқ тўловчининг шахсий кабинети амал қилиши тўхтатиб турилганлиги тўғрисида ёки электрон рақамли имзо калити сертификати бекор қилинганлиги ҳақида маълумот олинган бўлса, ушбу ҳужжат солиқ тўловчига мазкур маълумотлар олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида қоғозда жўнатилади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ

бошқармаси ахборот хизмати.