Судья хато ва камчиликка йўл қўйса, сабаблари аниқланиб, фақат малака ҳайъатининг қарорига кўра, интизомий жавобгарликка тортилади
Аввал хабар берганимиздек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн биринчи сессияси ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри ёритилиб, ахборот берувчиларга фуқаролар томонидан савол йўлланишига имконият яратилганди.
Вилоятда судларнинг раисларига ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган савол ва муносабатларга жиноят ишлари бўйича вилоят судидан қуйидаги жавоблар берилган:
Фазлиддин Норжигитов:
Ассалому алайкум сизларга саволим шундан иборатки, олий маълумотли, аммо судланиб жазо муддатини ўтаб чиққан, айбини тушунган, янгидан ҳаёт бошлаш учун суд тизимига ариза билан мурожаат қилганда уларни ишга олмайди. Аммо мутахассислиги тўғри келмаган ўрта-махсус кадрларни ишга олаяпти буни нима деб тушуниш керак?
Олий суди Раёсатининг 2014 йил 9 январдаги қарори билан тасдиқланган “Умумий юрисдикция аппарати кадрларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, судланганлик ҳолати мавжуд, шунингдек, муқаддам судлар ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлардан салбий сабабларга кўра ишдан бўшатилган шахслар суд аппаратига ишга қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 17 майдаги қарори билан тасдиқланган Судьялар олий кенгаши Регламентининг 20-моддасида номзод судланган бўлса, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлса, касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилган бўлса, судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига кириш имтиҳонидан ўта олмаса судьяликка номзодларнинг захирасига кириши рад этилиши белгиланган.
Умид Учқунович:
- Судларда ишга киришда турли қинғир йўллар танланади. Кейин у ходим ҳам бошқаларга нисбатан шундай ҳаракат қилади. Ана шу “чёрний” тизимни йўқ қилиш керак.
- Судларда бўш иш ўринлари бўйича оммага маълум қилиб бориш, кадрларни олишда шаффофлик бўлиши лозим.
Судларда кадрлар билан ишлаш тизимининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш борасида доимий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Судьялар олий кенгашининг расмий веб-сайтида Республика ҳудудида бўш судьялик лавозимлари доимий равишда жойлаштириб борилади.
Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан 35 ёшдан кичик бўлмаган, яхши тайёргарлик кўрган, юқори малакали, катта ҳаётий тажрибага, бенуқсон обрў-эътиборга, олий юридик маълумотга, юридик ихтисослиги бўйича авваламбор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик иш стажига эга бўлган номзодлар судьялик лавозимларига захирага кириш истаклари бўлса, жиноят ишлари бўйича вилоят судлари судьялари малака ҳайъатига мурожаат қилишлари мумкинлиги, шу билан бирга, вилоятдаги бўш судьялик лавозимлари ҳақида (жиноят, маъмурий) вилоят “Зарафшон” газетасида эълонлар чоп этиш амалиёти йўлга қўйилган.
Судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан муқобиллик асосида ўтказиладиган танлов орқали Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилмоқда.
Танловнинг барча босқичлари ҳақидаги маълумотлар Судьялар олий кенгашининг расмий веб-сайти (sudyalaroliykengashi.uz) эълон қилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, суд аппарати ходимларини танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида, республика миқёсида суддаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумот “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинмоқда.
Шу билан биргаликда, вилоят суди бўш иш ўринлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги (fb.com/SamarqandSudi, t.me/SamarqandSudi) саҳифаларда маълумот бериб боради. Суд аппарати ходими сифатида ишга кириш истаги бор шахс хоҳлаган вақтда вилоят судига уни суд аппарати ходимлари захирасига киритишни сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир фуқаро судларга ёки бошқа ташкилотларга ишга киришда суиистеъмолчиликка йўл қўйган раҳбар ёки ходимларга нисбатан ўз вақтида тегишли органга мурожаат қилиши лозим ва улар тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши таъминланади.
Абдуносир Ҳамидовдан:
Судлар айрим хато камчиликларга йўл қўйишга ҳақи йўқ!
Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 73-моддасида, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги назарда тутилган бўлиб, унга кўра, судья одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги, суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари, шунингдек, судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлиги, судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра, интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунингдек, суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги белгиланган. Шу сабабли, судья хато ва камчиликларга йўл қўйган тақдирда, унинг сабаблари аниқланиб, фақатгина малака ҳайъатининг қарорига кўра, интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди.