Сунъий интеллект талабанинг фикрлаш, таҳлил қилиш қобилиятини ўлдиради

Бугун ҳаётимизга ChatGPT, Grammarly, QuillBot, Copilot каби сунъий интеллект воситалари, дастурлар кириб келди. Улар нафақат ахборот технологиялари мутахассислари, балки оддий фойдаланувчиларга, айниқса, талабаларга бирмунча имкониятлар яратмоқда. Аммо бу имкониятлар фойдаланувчида саволлар, хавотирлар ҳам пайдо қилаётир.

Ўзи сунъий интеллект талабаларга нима беради? Улар бу имкониятдан қандай фойдаланяпти? Бу талабалар учун қулайликми ёки ишини осон қилишнинг бир воситасими?

Аввало, шуни унутмаслигимиз керакки, сунъий интеллект воситаларининг афзаллиги унинг тезкорлигида ва фойдаланишда қулайлигида. Масалан, инглиз тилида иншо ёзишда ёки илмий иш учун зарурий адабиётларни қидириш ва таҳлил қилишда сунъий интеллект технологиялари катта ёрдам бериши мумкин. Грамматик хатоларни тўғрилаш, таржима қилиш, илмий изланиш, қисқа шарҳлар олиш, талабанинг мавзуларга оид билимларни ўзлаштиришида енгилликлар бериши мумкин. Айниқса, вақтни тежаш, мураккаб матнларни соддалаштириш, фикрларни тўғри ифода қилишда сунъий интеллакт уларга кўмакчи бўлади. Қолаверса, ўрганишга қизиқиш уйғотадиган, интерфаол мулоқот шаклида билим берувчи технологиялар бугунги ёшлар учун айни муддао.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Афсуски, кўплаб талабалар мустақил фикрлашни йиғиштириб қўйиб, сунъий интеллект воситаларидан тайёр жавобларни олиш манбаи сифатида фойдаланмоқда. Оқибатда ўқув топшириқлари, рефератлар, ҳатто битирув малакавий ишлари сунъий интеллект орқали автоматик ёзилиб, талабанинг билим олиш, таҳлил қилиш кўникмалари четда қоляпти.

Бу ҳолат медиа тили билан айтганда «плагиат», яъни бошқаларнинг фикрини ўғирлаб уни ўз иши сифатида кўрсатиш хавфини кучайтирмоқда. Яна бир жиҳат борки, сунъий ентеллект воситалари ҳар доим ҳам тўғри ва илмий асосланган маълумот бермайди. Нотўғри ёки контекстдан узилган жавоблар эса талаба иши сифатини тушириб юборади.

Хўш, бу ўринда ўқитувчи ва таълим тизими нима қиляпти? Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласи ҳали ҳам тўлиқ тартибга солинмаган. Ҳозирча ҳеч бир олий таълим муассасасида бу воситалардан фойдаланиш бўйича қатъий меъёрлар ёки кўрсатмалар мавжуд эмас. Баъзи ўқитувчилар бу воситаларни таҳдид сифатида кўриб, уларни ўқитиш жараёнига интегратсия қилиш йўлларини изламоқда.

Аслида муаммо воситада ҳам эмас, ундан фойдаланишда мумммоларимиз кўп. Сунъий интеллект ёрдамчи восита бўлиши мумкиндир. Аммо улар фикрлашнинг ўрнини боса олмайди. Талаба сунъий интеллектдан билимини мустаҳкамлаш учун ишлатсагина ютади. Уни топшириқдан қутулиш воситаси сифатида кўрса, ўзини алдайди холос.

Бунда олий таълим муассасаларида ахлоқий ва методик йўриқномалар, танқидий фикрлашга асосланган баҳолаш тизими жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга. Талабаларга эса жавоб топишгина эмас, ўртага савол қўйиш кўникмасини бериш лозим. Чунки савол беришни билган талаба сунъий интеллект каби воситалардан фойдаланувчи эмас, ўзи фикрлайдиган, излайдиган ва ўз йўлини топадиган шахсдир.

Муқаддас РАҲМИДДИНОВА,

СамДЧТИ ўқитувчиси.