Сувдан муаммо йўқ, муаммо сувда
Ҳалокат туфайли океанда қолиб кетган одамлар ҳақида эшитганмисиз. Улар тўрт томони сув бўла туриб ташналикдан азобланади. Уммоннинг шўр сувидан ичса ҳам, сувсиз ўтирса ҳам ўзига жабр. Паст Дарғом тумани Жоул Қосим маҳалласидаги муаммо билан танишар эканмиз, хаёлан шу манзарани кўз олдимизга келтирдик. Сув-ку бор, аммо уни истеъмол қилиб бўладими?
Туман марказидан унча узоқ бўлмаган ушбу маҳалладаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳақида эшитиб, вазиятни ўрганишга қарор қилдик. Маълум бўлдики, 3665 нафар фуқаро истиқомат қиладиган маҳаллада марказлаштирилган ичимлик суви тармоғи йўқ. Ундаги 692 та хўжаликнинг деярли барчаси қудуқлардан сув ичади. Бироқ ер сатҳидан атиги 6-7 метр чуқурликдан олинадиган сувнинг истеъмол учун яроқлилиги шубҳа остида.
— Бундан 7 йилча олдин қудуқларимиздаги сувни текширтирганман, - дейди маҳалла раиси Саид Омонов. — Набираларимнинг тез-тез қорни оғриб қолиши сабабини излагандим ўшанда. Таҳлил сувимиздаги зарарли моддалар меъёридан 2-3 баробар кўплигини кўрсатган. Шундан буён маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кўп жойга мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Тўғри, ҳозир баъзи оилалар тоза сувни сотиб оляпти, лекин беш қўл баробар эмас. Қудуқ сувидан кундалик эҳтиёжларимизни қондириш учун фойдаланишга мажбурмиз.
Биз кирган хонадонларнинг деярли барчасида қудуқ бор эди. Кимдир ундан сувни “мотор” орқали тортиб олаётган бўлса, бошқалар эски усулда, пақирдан фойдаланяпти. Биз билан суҳбатда бўлганлар қудуқ сувини аввал тинитиб, кейин қайнатиб ичишларини айтишди.
— Эсимни таниганимдан бери шу қудуқдан фойдаланамиз, - дейди маҳалла аёлларидан бири Р.Ботирова. – Яқин йилларда ичиш учун сувни артезиани бор хонадонлардан ташиб кела бошладик. Ёзда бу унчалик қийин юмуш эмас, лекин қишда заҳмати ортади. Бошқа иложимиз ҳам йўқ, сувсиз яшаб бўлмайди, ахир.
— Қудуқларимиздан лойқа сув чиқади, - дейди яна бир фуқаро. — Маҳалла марказидан пастроқ тушсангиз, 4-5 метрдан ҳам сув чиқадиган жойлар бор. У ердагиларнинг аҳволи бизникиданда ёмон. Масъуллар бунга бефарқ. Тўғри, маҳалланинг марказий кўчасини асфалт қилиб беришди. Лекин сув муҳимроқку. Вилоятнинг айрим жойларида бутун бошли янги шаҳарлар қурилаётган бир вақтда, икки-учта маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг иложи йўқми?
Жоулқосимликларни қийнаётган бу муаммо бутунлай эътиборсиз қолдирилган, дея олмаймиз. Жорий йил ҳудудда “Ўзсувтаъминот” АЖга қарашли “Сув таъминоти ва оқова сув обектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” УК буюртмаси асосида сув иншооти қурилиши бошланган. Бироқ тез кунларда ишга тушиши таъкидланаётган (пудратчига пул ўз вақтида ўтказилмаганлиги сабабли қурилиши бир неча ойга кечиккан) иншоот маҳалланинг фақат 100 та хонадонини тоза ичимлик суви билан таъминлар экан. Бу жуда кам, қолганларнинг тақдири нима бўлади? Масъуллар билан боғланиб, айни саволга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
— Лойиҳада 120 та хонадонга тармоқ тортиш белгиланган, - дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Паст Дарғом филиали бош муҳандиси Зоҳид Казаков. — Лекин иншоот 180 та хонадонни сув билан таъминлаш қувватига эга. Бошқалар ҳам кейинчалик тармоққа уланишлари мумкин.
Масъулнинг айтишича, маҳаллада яна бир сув иншоотини қуриш бўйича лойиҳа тайёрланган. Лекин унга ҳали маблағ ажратилмаган. Лойиҳа билан танишмоқчилигимизни айтганимизда у қўлида йўқлигини, туман ҳокимлигидан топишимиз мумкинлигини айтди. Туман ҳокимлиги “кейинроқ” ташлаб берадиган бўлди. Хуллас, “арқон” тортиш бошланиб кетди.
Яна бир қизиқ ҳолатни айтиб ўтмасак бўлмайди. Маҳаллага бириктирилган оилавий шифокордан ҳудудда қанақа касалликлар кўп учраяпти, қудуқ суви одамлар саломатлигига қандай таъсир қиляпти, деган саволларимизга тайинли жавоб ололмадик. Шу вақтгача улар ичиб келаётган сувни “СEС” орқали текширтириб, аҳолини расмий огоҳлантириш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Хўп, шифокор эътиборсизлик қилган дейлик, ҳудуддаги муаммодан бошқа ҳеч кимнинг хабари йўқми? Сув иншоотини қуришда 100 та эмас, 180 та хонадонга тармоқ тортилса ёки иншоотнинг қуввати янада оширилса бўлмасмиди? Нега масъуллар билан боғланиб, маълумот сўрасак, ҳаммаси бирдек “Энди қилиняпти, режада бор”, дейди? Бугунгача режасиз ишланганми? Оқибат билан эмас, сабаб билан курашишни қачон бошлаймиз? Хуллас, саволлар тобора кўпайиб бормоқда.
Биз бу билан кимнидир айбдор қилиб, жазолатиш фикридан йироқмиз. Мақсадимиз эътибордан четда қолаётган муаммони эслатиб қўйиш, холос. Мана, хабарни етказдик. Энди масъуллардан ҳаракат, ҳеч бўлмаганда муносабат кутиб қоламиз. Бу гал ҳам “Режада бор”, дейиш билан иш ёпилмаса кифоя.
Асқар БАРОТОВ.