Таълим муассасаларида  миллий спорт ўйинлари ўқитиляптими?

Ёхуд вилоятда халқ ўйинлари қачон ривожлантирилади?

Юртимиз ҳудудида тарихан жуда кўп миллий халқ ўйинлари бўлган ва улар авлоддан авлодга ўтиб келган. Айниқса, “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш” каби миллий спорт ўйинлари ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақаларидан бўлган. Бироқ кейинги пайтда ҳудудларда миллий ўйинларни ривожлантириш ва уларни ёшларга ўргатишга эътибор қаратилмаяпти назаримизда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида миллий спорт турлари тўғрисида дарслик ва адабиётларнинг янги авлодини яратиш, таълим муассасаларида миллий спорт турларини ўқитиш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини янгилаш борасида вазифалар белгилаб берилган эди. Аммо бугунги кунда вилоятдаги бирорта таълим масканида миллий спорт ўйинлари дарс сифатида ўқитилмаяпти ва бу борада амалий ишлар ҳам бошлангани йўқ.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида СамДУ спорт клуби раиси ўринбосари Фахриддин Обланазаров билан боғландик.

- Вилоятдаги олий таълим муассасаларида миллий спорт ўйинлари дарс сифатида ўқитилмайди, - дейди Ф.Обланазаров – Чунки миллий спорт ўйинларини ўргатиш учун стандартларга мос очиқ майдон ва стадион керак бўлади. Бунга эса шароит йўқ, режа ишлаб чиқилмаган, ҳатто миллий спорт турларини ўқитиш, дарсликларни янгилаш бўйича топшириқ ҳам берилган эмас.

Миллий ўйинлар минг йиллар давомида оммалашиб, халқнинг ижтимоий ҳаёти, маиший турмуш тарзи негизида тараққий этиб, бизгача етиб келган. Шу маънода вилоятда  ҳам халқ ўйинларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар  хусусида вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси масъулларига мурожаат қилдик.

Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Шуҳрат Каримовнинг маълум қилишича, баҳор ойларида, Наврўз байрамида ва турли фестивалларда халқ ўйинлари бўйича турли мусобақалар, маданий тадбирлар ташкил қилинишидан бошқа жавоб ололмадик.

Президентимизнинг жорий йил 25 майдаги “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг барча қатламларини этноспорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш,  маҳаллаларда этноспорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларни ўтказиш, миллий спорт турларини “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич ривожлантириш кўрсатиб ўтилган. Бироқ бошқарма мутасаддилари томонидан нафақат ушбу қарор ижросига киришилмаган, балки умуман вилоятда миллий спорт ўйинларини ривожлантириш борасида амалий ишларга ҳам қўл урилмаган.

Миллий ўйинлар халқ маданияти ва санъатининг азалий ажралмас бўлаги, ёшларни тарбиялашда ва жамиятдаги ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Чунки бундай ўйинларда бола ўйинбоши бўлади, иштирокчига айланади, муҳими, урф-одат ва анъаналаримиз ҳақида билимга эга бўлади. Бунинг амалда бўлиши учун эса мутасаддилардан муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш талаб этилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.