Таълим соҳасида қандай муаммо ва камчиликлар бор?

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг Оқдарё туманида таълим тизими ходимлари билан учрашувида айни шу масала муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари дастлаб таълим ҳар қандай жамиятнинг асосий пойдевори эканини таъкидлаб, ислоҳот ва ўзгаришларни қуйи бўғиндан, яъни мактабгача таълим тизимидан бошлаш кераклигини таъкидлади.
- Бугунги кунда вилоятда болаларнинг боғчага қамрови 74,3 фоизни ташкил этиб, республикада 12-ўриндамиз, - деди А.Бобоев. – Бу паст кўрсаткич бўлиб, Нуробод, Ургут, Каттақўрғон, Самарқанд туманларида қамров даражасининг кўрсаткичи вилоятдаги ўртача кўрсаткичдан ҳам паст. Шунингдек, вилоятдаги боғчаларда 23 минг 817 та бўш ўрин мавжуд, лекин шу пайтгача улардан мақсадли фойдаланилмаган.
Учрашувда педагоглар салоҳияти ва таълим сифати ҳам танқидий баҳоланди. Қайд этилишича, вилоятдаги 61 минг 536 нафар педагогнинг 26 минг 558 нафари (43 фоиз) тоифага эга эмас. 2024 йилда аттестацияга жалб этилган ўқитувчилардан 18 минг 383 нафари етарли балл тўплай олмаган бўлса, 3045 нафар ўқитувчининг тоифаси туширилган. Ўтган ўқув йилида вилоят бўйича 1268 та мактабни 47 минг 728 нафар битирувчи тугатиб, 11029 нафари ёки 23,1 фоизи грант ва тўлов шартнома орқали олий таълим муассасаларига қабул қилинган.
Бироқ 26 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси давлат ОТМларига ўқишга кирмаган.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим даражасини яхшилаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, тизимдаги муаммоларга ечим топиш, таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, замонавий ўқув-тарбия усулларини жорий этиш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга оид таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Самарқанд шаҳридаги 6-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Феруза Ғаффорова тизимни рақамлаштириш орқали қилинган янгиликлар ўзини оқламаётганини яшириб ўтирмади.
- Мактабда ишлаганимга 40 йилдан ошди, - дейди Ф.Ғаффорова. - Олдин ўқитувчи ўзи дарсга тайёрланиб, кейин ўқувчига билим берарди. Ҳозир эса на иш режа, на конспект ёзади. Буларнинг барчаси электрон тизимга ўтган. Ҳатто ўқувчиларни ҳам телефонда баҳолайди. Ростини айтаман, кейинги пайтда ўқитувчиларнинг асосий иши 45 дақиқа болаларга билим бериш эмас, платформага вақтида кириб, ўқувчини баҳолаш бўлиб қолди. Энди интернет етиб бормаган мактабларда жараённи тасаввур қилаверинг. Ушбу рақамлаштириш жараёнини қайта кўриб чиқиш лозим, деб ўйлайман.
- Ҳозирги кунда умумтаълим мактабларида ўқиётган иқтидорли ўқувчилар ихтисослаштирилган, хусусий мактабларга сараланяпти ёки ўз хоҳиши билан бошқа нуфузли таълим муассасасига ўтяпти, - дейди Пайариқ туманидаги 23-мактаб директори Ғайрат Маҳаматов. – Табиийки, бу ҳолат мактабда таълим сифатининг тушишига олиб келмоқда. Мактабларда ушбу муаммога ечим топиш, таълим сифатини яхшилаш ва олий таълимга қамровни ошириш мақсадида истеъдодли ўқувчилар учун махсус синфлар ташкил этиш керак. Яна бир муаммо - ҳозир аксарият ўқитувчилар таълим тизимидаги замонавий технологиялар, жумладан, электрон доскалардан ҳалигача фойдаланишни билмайди.
Мактабларда шу йўналишда ҳам педагогларнинг билимини ошириш, малакали мутахассисларни жалб қилиш зарур.
Учрашув давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар олий таълим муассасалари масъулларини ҳам бефарқ қолдирмади. Жумладан, Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова мактаб директорларига қайси йўналишда педагоглар билан боғлиқ муаммолар бўлса, мурожаат қилишлари ва кадрлар етказиб берилишини маълум қилди.
Шунингдек, ўқитувчиларни танлов асосида ишга олиш, педагогика олий таълим муассасалари ҳузурида педагогларни тайёрлаш курсини ташкил этишни таклиф қилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаат ва таклифни эшитиб, соҳа масъуллари ва олий таълим муассасалари раҳбарларига таълим сифатини яхшилаш, тизимда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берди.
Фазлиддин Рўзибоев.