Тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилса, нима қилиш керак?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг ушбу саволига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллева жавоб берди:
— Антибиотиклар тана ҳароратини туширмайди. Тана ҳароратини 38 даражагача кўтарилиши меъёр ҳолат ҳисобланади, яъни инсон организмига вирус тушса, организм вирус билан курашиши ва иммунитет ҳужайралари пайдо бўлиши учун организмнинг ҳарорати 38 даражагача кўтарилиши керак. Тана ҳароратини бу даражагача кўтарилиши қўрқинчли эмас.
Тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилганда, қуйидагилар тавсия қилинади:
- Витамин С га бой суюқликларни кунига 3-4 литрдан ортиқ ичиш (лимон, малина, наъматак, оддий қора ёки кўк чойларни) керак. Бу ўз ўрнида ҳужайра ва тўқималарни сувсизланишининг, қон қуюлишининг олдини олади ва тана ҳароратини туширади;
- Томоқ ва бурунни тузли ёки чой содали суюқликлар билан кунига 8 мартадан ортиқ чайиш;
- 70 фоиз спиртни илиқроқ сув билан илитиб танани артиш ҳам тана ҳароратини туширишга ёрдам беради.
Тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлса – ёшга мос равишда:
- 1 ёшгача болага 100-125 мг,
- 1 – 5 ёшли болаларга 125-250 мг,
- 5 ёшдан катталарга 500 мг бир марталик дозада парацетамол ёки ибупрофен таблеткаси қабул қилинади, холос. Шу билан бирга, зудлик билан оилавий шифокор билан боғланиш керак!
Оилавий шифокор келгунига қадар витамин С га бой суюқликларни кўпроқ, яъни лимон, малина, наъматак ёки оддий қора ёки кўк чойларни кунига 3-4 литрдан ортиқ ичиш талаб этилади.
Истисно ҳолатларда, агарда шифокор келгунча 4-6 соатдан ортиқ вақт ўтса, бу даврда тана ҳарорати 38 даражадан юқорига қайта кўтарилса, парацетамолни яна бир бор қабул қилиш керак.