Танзила Норбоева Самарқандга нега ташриф буюрди?
Каттақўрғон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси қошида Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази очилди.
Шаҳарда туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркор аёл Мавлуда Шерова ташаббуси билан ташкил этилган меҳмонхонанинг ҳам очилиш маросими ўтказилди.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан шаҳардаги ҳарбий қисмларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар, мустақиллик йилларида Ватан учун жон фидо этган қаҳрамонларнинг оналари ҳамда иқтидорли қизлар билан учрашув ўтказилиб, уларга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.
Каттақўрғон шаҳар драма театрида “Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллигини ошириш - давр талаби” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.
Юртимиз хотин-қизлари етакчиси давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаатномаси, жорий йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши ва айни пайтда муҳокама этилаётган давлат дастури лойиҳаси ҳақида атрофлича сўз юритди. Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш учун аввало, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Айниқса, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган опа-сингилларимизни давлат томонидан ижтимоий муҳофаза қилиш баробарида уларни жамоатчилик ҳам қўллаб-қувватлаши кераклиги қайд этилди. Бу аёлларни жамиятдан ажратиб ҳаётга мослаштириб бўлмайди, уларга аввало, яқинларининг, атрофдаги инсонларнинг эътибори, меҳри, ғамхўрлиги зарур.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова, Каттақўрғон шаҳар ҳокими М.Ҳошимов Бош вазир ўринбосарининг фикрларини маъқуллаб, нафақат Каттақўрғон шаҳри, балки вилоятнинг барча ҳудудларида хотин-қизларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани, бунда ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларининг аҳамияти катта бўлишини қайд этди.
Дарвоқе, анжуманда Каттақўрғон шаҳридаги 35 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларга вилоят ҳокимлиги томонидан компьютер жамланмалари топширилди.