Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди

“Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

2025 йил 1 январдан Агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади.

2024 йил 1 декабрдан хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.

2026 йил 1 январгача Агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.