ТАТУ Самарқанд филиали ўқитувчиларининг веб-сайт, дастурий маҳсулотлар бўйича лойиҳалари эътироф этилди
Жорий йилнинг 19-22 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимизда илк маротаба “IT Women Uz” лойиҳаси амалга оширилди.
Қўмита томонидан июль-август ойларида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билимларини оширишга ва ушбу соҳада ишга жойлашишга эҳтиёжи бўлган хотин-қизларни кўпроқ жалб этиш учун “ITWomenWCU.Uz” сайти лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда қатнашишни хоҳловчиларни онлайн тарзда рўйхатга олиш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳага 19 август куни старт берилди ва унда 160 нафардан зиёд хотин-қизлар қатнашди.
22 ноябрь куни “IT Women Uz” лойиҳасида иштирок этган хотин-қизлар ўртасида “Энг яхши мобил илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурий маҳсулот”, “Энг яхши электрон плакат” номинациялари бўйича танлов ўтказилди. Экспертлар кенгаши аъзолари томонидан номинациялар бўйича энг яхши ишлар аниқланди.
Жумладан, Тошкент Ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ўқитувчилари Умида Муртазаева, Феруза Шакарова, Назокат Абдуллаева, Дилбар Маҳкамова, Саодат Олимжонова, Дилдора Дусёрова, Гулюз Махмадиёровалар томонидан тайёрланган лойиҳалар танловнинг “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурий маҳсулот” номинациялар бўйича энг яхшилари, деб топилди.
Жорий йилнинг 4 декабрь куни танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади ва ғолибликни қўлга киритган дастурчи хотин-қизлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш истагида бўлган “IT Women Uz” лойиҳасида иштирок этган хотин-қизларга кредит маблағлари ажратилади.
Маълумот ўрнида, айни пайтда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 28 минг 323 нафар дастурчи фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 8 минг 383 нафарини (29,5 %) хотин-қизлар ташкил этади.
Абдуғафур ҲОТАМОВ.