Техникум битирувчилари қаерда ишлайди?

Бозор муносабатларининг муҳим шарти - талаб ва таклиф.
Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам айни шу тамойил ишламоқда. Яъни, корхонага қайси йўналишдаги мутахассис керак ва у қаерда? Меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар қайси мутахассисликни танласин ва буни қандай аниқлайди?
Очиғини айтганда, эҳтиёжи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган иккита жабҳа ўртасида шу кунгача боғлиқлик йўқ эди. Оқибатда қўлида диплом билан ишсиз қолаётган қатлам пайдо бўлди. Энди-чи?
- Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айни шу йўналишдаги ишларга ечим бўлди, - дейди Самарқанд ветеринария медицинаси техникумининг ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари Исматулло Мардиев. – Мазкур фармон билан техникумларда карьера кунлари ташкил этиш белгиланди. Бунда техникум ўқувчилари корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этиб, ўқиш давомида касб сирларини ўрганиб боради. Шунингдек, муваффақиятга эришган хусусий ва давлат хизмати вакиллари билан техникумда маҳорат дарсларини ташкил этяпмиз.
Бундан ташқари, иш берувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини имзоланади ҳамда улардаги бўш иш ўринларига битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашилади. Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ички ва ташқи меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари билан таништириб борилади.
- Муассасамизда 480 нафар ўқувчига 36 нафар малакали педагог кадрлар ҳамда 7 нафар ишлаб чиқариш таълим устаси 10 та касб тури бўйича сабоқ беряпти, – дейди И.Мардиев. – Яқинда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда тикувчилик йўналиши ўқувчилари билан карьера кунларини ташкил этдик. Хусусан, “Samarqand NPK” ва “DAKA-INTEX” иш берувчи корхоналари масъуллари билан учрашув ташкил қилинди. Учрашув якунида корхонага экскурсия ташкил қилиниб, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталари билан касбий билимларни алмашиш каби ҳамкорлик ишлари келишиб олинди.