Техноуруш бошландими?

Саросима

Исроил махсус кучлари Ҳизбуллоҳга тегишли бўлган алоқа воситаларини: пейжер, рация, мотоскутер ва бошқа воситаларини портлатиши бутун дунёда катта резонанс келтирди. Айниқса, ҳарбийлар ва ҳарбий раҳбарлар Исроилнинг бу операциясидан кейин "Исроил ҳарбий ҳаракатларда ўзининг технологик ривожланиши билан уруш технологиясида янги саҳифа очгани" ҳақида гапиришмоқда. Яқин Шарқдаги барча давлатлар, ҳарбий кучлар ва турли гуруҳлар ўзларида бор бўлган алоқа воситаларидан шубҳалана бошлаган ва қайта текширувга ўтган, лекин бу ҳам катта маблағ ва куч талаб қиладиган ишдир. Исроилга яқин ҳудудларда яшайдиган давлатлардаги аҳолида нафақат алоқа воситаларидан, ҳатто чой қайнатадиган чойнаклардан ҳам, маиший техникалардан, ҳатто қулоқчинларнинг портлаб кетишидан ҳам чўчиш кузатилмоқда.

Албатта, кўрилган ва дунё матбуотига чиққан кадрларда Исроил ўзи нишонга олган одамлар билан бир қаторда, оддий аҳоли ҳам бу портлашлардан жабр кўрганини кўриш мумкин. Воқеалар ривожи кузатилар экан, бу ишга Исроил узоқ вақтдан бери тинимсиз ва жиддий тайёргарлик кўрганини ва бу борада ўта махфий ишлар олиб борганини кўриш мумкин бўлмоқда. Яни, Исроил ўзларига душманлик қилмоқчи бўлган гуруҳларга ва давлатларга уларни жиддий шаклда саросимага соладиган техноқўрқув солиб қўйди. Лекин шу билан бирга, Исроил ўз маҳсулотларини сотиб оладиган мамлакатларни ҳам ташвишга солди. Негаки, хавфсизлик борасида жиҳозлар энг кўп Исроилдан сотиб олинади. Малумотларга қараганда, Ҳизбуллоҳнинг пейжерлар учун буюртмаси ҳақида малумот олган Исроил махсус кучлари бу маҳсулотлар тайёр бўлганча ва тайёр бўлгундан кейин, логистика даврида унга махсус портловчи моддалар жойлаштирган. Зотан, Исроил бундай ҳамлаларни олдин ҳам қилмаган эмас.

Исроилнинг киберҳужумлари ҳақидаги энг машҳур ва илк воқеаси бундан бир қанча йиллар олдин, Эрон ўзининг ядро дастурини тезлаштирган даврда кузатилганди. Исроил ўзининг бу киберҳужуми пайтида Эроннинг уранни бойитиш, яъни уран 238 ни уран 235 га айлантиришга мослаштирилган станцияларига узоқдан кириб, бу дастурни ишга ярамайдиган ҳолга келтиргани ва шу билан Эроннинг уранни бойитиш дастурини бир неча ўн йилларга узоқлаштириб юборганида кўргандик. Ўша пайтда ҳам дунё жамоатчилиги Исроил бу ишни қандай амалга оширганини билгач, ҳайратда қолганди. Бунинг орқасидан сабаблари ҳали ҳам маълум бўлмаган. Исмоил Ҳаниянинг Эрондаги меҳмонхонада ўлдирилиши ва ҳали унинг жойи совимасдан Исроилнинг узоқ масофадан алоқа воситаларини портлатиши дунё матбуотидан тушмай қолди. Бу эса Исроил яна қандай техноқудратга эга, у яна қандай амаллар бажариши мумкин, унинг технологияси кирмаган жой борми, деган саволларни ўртага чиқарди. Лекин бу саволларга Исроилнинг ўзидан бошқа ҳеч ким жавоб беришга қодир эмас.

Реутерс тарқатган хабарларга қараганда, Ҳизбуллоҳ лидери ўз ташкилотидагиларга бундан етти ой олдин махсус жиҳозлар ва телефонлардан фойдаланишни тақиқлаган. Лекин кейинчалик бу қарорларидан қайтиб, яна жиҳозлардан фойдалана бошлашган. Агар ўша тақиқ амалда бўлганда эди, балки Исроил ўзининг бу киберҳужумини ҳали амалга оширмаган бўларди деган фикрларни юзага келтиради. Бундан маълум бўладики, Ҳизбуллоҳда техно ва киберҳужумлар ҳақида тўлиқ маълумот йўқ ёки бўлса ҳам "бизга ҳеч нима қила олмайди" деган тушунчада бўлишган. Бу эса уларнинг технологик соҳада қанчалик орқада эканидан ҳам далолат беради. Гап шундаки, юксак технологияга эга бўлган давлатлар онлайн бўлган ҳар нарсадан қурол сифатида фойдаланишлари мумкин бўлган даврда яшаяпмиз.

Хавфли чоршанба

Ливан ҳукумати ва Эрон ёрдами билан ҳаракат қилувчи Ҳизбуллоҳ бу портлашларда Исроилни асосий айбдор қилган, лекин бундай мураккаб амалиётлар бўйича узоқ йиллик тажриба ва тарихга эга бўлган Исроил ҳукумати бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган. Исроил Мудофаа вазири Яв Галлант чоршанба куни қўшинлар билан гаплашар экан, электрон қурилмалар портлаши ҳақида гапирмаган бўлса ҳам бироқ Исроил армияси ва хавфсизлик идораларининг ишини юқори баҳоларкан, "урушнинг янги босқичи арафасида турибмиз", дея баёнот берган.

Чоршанба куни портлаган рациялар ҳақида АРга ўз шахсини очиқламасдан гапирган Ҳизбуллоҳ аъзоси, ўша куни Байрут шаҳридаги бир қанча ҳудудларда уйларда турган қуёш батареялари ҳам портлагани ва бундан бир қизча жароҳат олгани ҳақида ҳам айтган. Бу борада кейинчалик Ливия расмийлари ҳам маълумот тарқатган.

Ҳизбуллоҳнинг омон қолган азолари билан гаплашган брюсселлик сиёсий хавфсизлик таҳлилчиси Элижах Ж. Магниер гуруҳ фойдаланган пейжерлар бундан олти ой олдин уларга берилгани, лекин уларнинг қай йўл билан Ливанга олиб келингани аниқ эмаслигини айтган. Шундай қилиб, бу маҳсулотни ким ва қачон ишлаб чиқаргани номаълум бўлиб қолмоқда, чунки ҳеч бир ишлаб чиқарувчи буни бўйнига олмаяпти. Осакада жойлашган ва шундай қурилмаларни ишлаб чиқаришга мослашган Исом компанияси мутахассиси ҳақиқатан 2004-2014 йиллар давомида улар Яқин Шарқ давлатлари учун рация ва алоқа жиҳозлари ишлаб чиқарганини, лекин бунга ўн йилдан ошиб кетгани учун улар ишлаб чиқарган маҳсулотнинг қувват умри ҳам тугагани, бундан ташқари, портлаган маҳсулотларда уларнинг фирмасига тегишли бўлган голограмма ёрлиғи ҳам йўқ эканини айтиб ўтган.

Чоршанба кунги портлашларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳали ҳам ноаниқ. Аммо кўпроқ электрон қурилмаларнинг портлаши ҳақидаги хабарлар Ливаннинг таминот занжирига одамларга зарар берувчи бундан ҳам кўпроқ жиҳозлар қўйилганини кўрсатиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Шунингдек, бундай сохта қурилмаларни ким ишлаб чиқаётгани ва ким сақлаётгани ҳақида хавотирларни кучайтиради.

Асосий изоҳ: бу операция қанча давом этган?

Ушбу ҳужумни режалаштириш анча вақт талаб этсада, аниқ маълумотлар ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Ҳужумнинг мураккаблиги бу узоқ вақтдан бери разведка маълумотларини йиғиш билан шуғулланганидан далолат беради, дейди Нью-Йорк университетининг профессионал тадқиқотлар мактаби глобал алоқалар марказининг ўқитувчиси Николас Риз. Ушбу калибрли ҳужум пейжерлар сотилгунга қадар уларга жисмоний аралашиш зарур бўлган ишларни талаб қилади, дейди у.

Расмийнинг айтишича, Ҳизбуллоҳ аъзолари ўз пейжерларини техник хизмат кўрсатиш учун юбориб турган, чунки улар бу алоқа воситалари яхши ишламаётганидан, масалан, сигналларни ололмаётганидан шикоят қилиб туришган. Бошқа ҳолатларда Ҳизбуллоҳ азолари хабарларни етказиб беришда муваффақиятсизликлар борлигини ҳам айтиб келишган. Буни улар қурилмаларининг бир қисми портламаганидан ҳам билса бўлади. Балки қурилмалар таъмир учун жўнатилганда уларнинг устида ишлангандир деган тахминни илгари суришимизга ҳам имкон беради.

Хулоса

Хўш, технологиядаги бу ривожланиш қаергача бориши мумкин? Технологик ривожланиш чегараси бўлмаган бир нуқтага қараб кетиб бормоқда, бу инсониятнинг зарарига хизмат қиладими ёки яраригами, бу ҳақда аниқ-тиниқ мулоҳазалар бериш жуда қийин. Деярли ҳар куни бир янгилик бўлаётган технология дунёсидаги ўзгаришларга, одамнинг ақлий тезлиги изоҳ беришга улгурмай қоляпти. Масала шундаки, технологияни ўз измида ушлаб турувчи давлат органлари, одамлар ва давлатга зарар келтираётган дастурларнинг олдини олиш учун уни назорат қиладиган янги ускуна ва дастурлар ишлаб чиқарар экан, қарши томон бундай тўсиқларни енгиб ўтиш учун ундан яна бир поғона устун бўлган дастур ва жиҳозларни яратишдан чарчамаяпти. Бу эса давлат ва мутахассисларнинг кўп энергия ва вақтини олмоқда. Шунинг учун ҳам баъзи давлатларда ҳимоялаш учун масъул бўлган томон (яни давлат органлари) қарши ҳимоя учун янги технологияларни яратишдан ўзини тия бошларкан, охирги версия ҳимоя дастурлари билан ишлашда давом этмоқда. Бунга банк автоматларида бўлаётган ўғирлик дастурларини мисол сифатида беришимиз мумкин.

Бўлиб ўтган воқеалардан умумий хулоса қиладиган бўлсак, Исроил давлати ўғирланиши керак бўлган минораларга аввалдан ғилоф тикиб қўйган ва янги давр уруши бўлган технология урушида унинг олдига чиқиш қийин экани яққол кўриниб қолди.

Фазлиддин МАДИЕВ.