Тил билган, эл билади

Самарқанд давлат чет тиллар институтида мактаб, лицей ва коллежлар ўқувчиларининг инглиз тили бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш юзасидан амалга оширилган “English Assess Microscholarship Program” лойиҳаси якуни ва мазкур лойиҳа битирувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Б.Холиқов ва бошқа сўзга чиққанлар тил нафақат ўзаро алоқа воситаси, балки у маънавият кўзгуси эканлигини эътироф этиб, “Acсеss  Microscholarship” дастурининг аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, даврнинг ўзи олий ўқув юртлари талаба ёшларига ўзлари танлаган мутахассисликлардан ташқари хорижий тилларни  ҳам  билишни тақозо этмоқда. Шу боис 2022 йилнинг декабрида институт қошида Самарқанд шаҳридаги кам таъминланган ва  ижтимоий  кўмакка муҳтож оилаларнинг мактаб, лицей ҳамда коллежларда таҳсил олаётган 33 нафар фарзандининг инглиз тили бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Халқаро таълим бўйича Америка Кенгаши билан ҳамкорликда Америка Қўшма Штатлари давлат депертаменти томонидан молиялаштирилган “English  Access Microsholarship Program” лойиҳаси асосида қўшимча ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Мазкур лойиҳага асосан ўқитувчилар ойлик маош, шунингдек, идора ашёлари, дарсликлар, ўқув  ва бадиий адабиётлар билан таъминланди. Бундан ташқари, улар 2022 йилнинг ноябрь ва 2023 йилнинг август ойларида  ташкил этилган семинар-тренингларда лойиҳани стандартлаштириш бўйича малака оширишди. 

- Халқаро таълим бўйича Америка кенгашининг асосий мақсади инглиз тилини билишга қизиқувчи ўқувчи ёшларга бу тилни чуқур ўрганишларига ёрдам беришдан иборат, - дейди Халқаро таълим бўйича Америка кенгашининг Ўзбекистондаги директори William Shane O‘roark. - Ҳозирги глобаллашув даврида ёшлар ўз она тилидан бошқа хорижий тилларни ҳам билиб қўйса фойдадан холи бўлмайди. Бурро-бурро инглиз тилида гаплашаётган ўзбек ўғил-қизларини кўриб, очиғи, қувондим. 

Тадбирда лойиҳа битирувчиларига сертификатлар топширилди.     

Зебинисо Ҳамроева.