Тил - номус масаласи

Ҳа, айнан шундай. Агар миллатнинг тили булғанса, унинг номуси ҳам булғанади. Номуссиз миллат эса ҳеч қачон миллат бўлмайди. Шундай экан, тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг нуфузини оширишга барчамиз бирдек масъулмиз.

Ўзбек тили мақомини мустаҳкамлаш бўйича ишлаб чиқилган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ташкил этилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти она тилимизни ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга.

Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонига кўра, ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси тузилмасидаги Давлат тилини ривожлантириш департаментининг асосий вазифаси - давлат тилини ривожлантириш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, ўзбек тилининг ёзма матни меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этишдан иборат.

Бунинг натижасида, давлат тилида иш юритишни ташкил этиш ва унинг ижросини назорат қилишга эътибор яна ҳам кучайиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Албатта, бу ўзбек тилининг тараққий этаётганидан далолат беради.

Бундан ташқари, тарихда илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши миллий тилимизнинг халқаро миқёсда нуфузи ошишига турки бўлди.

Бахтиёр Холмухамедов,
СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчиси.