ТИВ: Хитой ҳукумати Ухандан хориж фуқароларини эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаяпти

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, 2020 йил 27 январь куни Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Пекин шаҳрида аккредитация қилинган чет эл дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Брифингда қуйидагилар таъкидланди:

– Хотиржамлик сақланиши зарур. Саросимага тушиш вируснинг ўзидан ҳам кучлироқ таҳдид бўлиши мумкин. Хитой бугунгача вужудга келган барча кенг кўламли эпидемияларни бартараф этган, коронавирусни ҳам енгади;

– Коронавирусни даволаб бўлади. Хитой барча имкониятларни ишга солмоқда. Агар Хитой ўз олдига бирор мақсад қўйса, албатта унга эришади;

– Хитой чет эл фуқароларининг ўз ҳудудидаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча халқаро мажбуриятларни бажаради. Вазирлик ва идоралар, шунингдек, провинция ва шаҳарларнинг расмий идоралари чет эл дипломатик миссияларига уларнинг Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа шаҳарларида муаммога дуч келган фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳар қандай кўмакни кўрсатишга тайёр. Ҳозирда Ухан шаҳри мамлакатнинг бошқа шаҳарларига қараганда хавфсизроқ. Чунки у ерга энг яхши мутахассислар, энг илғор қурилма ва технологиялар сафарбар қилинган.

Чет эл дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларининг саволларига жавоб бера туриб, Хитой томони мамлакат Ҳукумати ҳозирда чет эл фуқароларини Ухан шаҳридан эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини эълон қилди.