Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Толибон Ўзбекистонга сафари бўйича чегара хавфсизлиги, транзит ва божхона ҳамкорлиги масалаларини баҳолади

Афғонистонда ҳукумат тепасига келган Толибон ҳаракати Россия, Қатар ва Ўзбекистонга ташрифини ижобий баҳолади, дея хабар бермоқда ToloNews телеканали ҳаракат вакили Забиулла Мужоҳиднинг матбуот анжуманига таяниб.

Мужоҳиднинг айтишича, Толибон делегацияси «яхши тараққиётга» эришган. Жумладан, Москвада учта асосий мавзу: Афғонистонда барқарорликни сақлаш, музлатилган афғон активларини очиш ва “минтақа давлатлари Ислом амирлиги (Толибон сиёсий тизимининг ўзлари томонидан номлаши  – таҳр.)ни қўллаб-қувватлаши муҳокама этилди.

Ўзбекистонда делегация чегара хавфсизлиги, транзит ва божхона ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди, дея қўшимча қилди Мужоҳид.

Август ойи бошида Толибон афғон ҳукумати кучларига қарши ҳужумларини кучайтириб, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди.

31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, Афғонистондаги қарийб 20 йиллик америкалик ҳарбий иштирокини тугатди. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди. Унга аввалги Толибон ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан буён БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилик қилди.