Тўрт йилда Самарқандга келувчи сайёҳлар сони 9 миллионга етади

Самарқанд шаҳрида 27 сентябрь - Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, вилоят Матбуот уйида журналистлар ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев вилоятда туризм соҳасида олиб борилаётган ишлар, бугун ўтказилиши кўзда тутилган тадбирлар борасида маълумот берди.

Таъкидландики, жорий йилнинг 8 ойи давомида 1,5 миллион нафар маҳаллий ва чет эл сайёҳлар ташрифи кузатилди. Сайёҳларнинг вилоятимизда қолиш кунлари 2,6 кунни ташкил этди. Кунлик харажатлар 70 АҚШ долларидан 150 АҚШ долларига ўсди. Беш йил илгари меҳмонхоналар сони 99 та бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 410 тага етиб, бир вақтнинг ўзида 11 491 та меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. 2 054 ўринли 215 та меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. 222 та хонадонда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, мазкур хонадон эгаларининг доимий бандлиги таъминланди. Туроператорлар сони 171 тага етди. Туристларга хизмат кўрсатувчи 336 та гид-экскурсовод, 1217 нафар туристларга хизмат кўрсатувчи ҳунармандлар ҳамда 4 та фольклор ансамбллари фаолият кўрсатмоқда. Барча маданий-мерос объектлари ва тарихий обидаларда Wi-Fi ҳудудлари ташкил қилинган. Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 14 та ахборот марказлари хизмати йўлга қўйилди. Аҳолининг оилавий дам олишларини ташкил этиш учун 25 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 850 ўринли муз саройи, китоблар дўкони, 4 та кинотеатр, картинг, 83 та савдо дўкони, болалар ўйингоҳи, боулинг, 12 та умумий овқатланиш нуқталари, медиапаркдан иборат “Family Park” савдо-кўнгилочар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 520 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғида 50 га яқин миллий ҳунармандчилик объектлари, ошхона, совғалар дўконлари, меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Ургутдаги “Тахтиқорача” довонида 4 та, Самарқанд туманида 18 та экотуризм дам олиш масканлари ташкил этилиб, 1000 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Туризм соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрловчи “Ипак йўли” туризм халқаро университетига хорижий университетларнинг профессор-ўқитувчилари жалб қилинди, 15 мингдан зиёд ноёб кутубхона фонди ҳамда “Тревел журналистика”, “Креатив индустрия”, “Смарт туризм”, “Маданий меросни бошқариш”, “Музей иши” йўналишлари ташкил этилди. Шунингдек, олийгоҳ қошида “Ипак йўли цивилизацияси” тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Жорий йил туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, вилоятда 17 та маданий мерос объектлари реставрация ва консервация ишлари, 7 та сайёҳлар ташриф буюрувчи туризм объектларида ободонлаштириш, ахборот марказлари ташкил этилиб, ёндош инфратузилма тартибга келтирилади.  Шунингдек, туризм объектларига олиб борувчи 42 километрлик йўлларга асфальт ётқизиш ишлари олиб борилади, 11 та сайёҳлик объектларининг муҳандислик-инфратузилмаси ривожлантирилади, ичимлик ва оқова суви, электр энергия таъминоти яхшиланади.

- 2022 йилда 7,18 триллион сўмлик 210 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 10 мингта янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган, -дейди вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Б.Нуруллаев. - Жумладан, Самарқанд туризм маркази барпо этилмоқда. Логистика-транспорт хизмати ташкил қилинади. Бунда хорижий авиаташувчиларга  мамлакат аэропортлари хизматларидан эркин фойдаланишга рухсат берилиб, улар ташиш хизматларига жалб қилинади. Бу эса меҳнат муҳожирлари ва сайёҳларга кенг қулайликлар яратади.

Самарқанд халқаро аэропорти илк бор хусусий бошқарувчига берилиб, янги терминал ишга тушиши билан ушбу аэропортни темирйўл, автобус қатновлари билан боғлаган ҳолда йирик транспорт хабига айлантирилиб, Ўзбекистоннинг бош туризм дарвозаси мақомига айлантирилади. Натижада янги халқаро аэропорт парвозлар сонини 7-10 баробарга оширилиб, четдан туристлар оқимини кескин кўпайтириш имконияти яратилади.

Шунингдек, 4-5 юлдузли 8 та меҳмонхона, 18 минг квадрат метр майдонда халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуалари, тематик хиёбонлар ҳамда “Абадий шаҳар” тарихий мажмуалари яратилмоқда.

Имом Бухорий мажмуаси реконструкция қилиниб, 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйлари бунёд этилади. Уч минг нафар зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи, “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.

2023-2026 йилларда туманлар туризм салоҳиятидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида маданий, зиёрат, MICE туризм, Ургутда экстремал, экологик, қишлоқ туризми ташкил этилса, Пайариқ туманида зиёрат ва қишлоқ туризми, Нурободда тиббиёт, экстремал туризм ривожлантирилади. Тойлоқда виночилик туризми ҳамда Самарқанд туманида қишлоқ, тиббиёт, MICE туризмига мослаштирилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд ва Шарқ МФЙларида туризм маҳалласи, Ургут туманидаги Терсак ҳамда Пайариқдаги Чоштепа қишлоқлари “Туризм қишлоғи”га айлантирилиб, 2026 йилда Самарқандга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 4 миллионга, маҳаллий сайёҳлар 5 миллион нафарга етказилади. Меҳмонхоналар сони 400 тага ва улардаги ўринлар сони 22 мингтага етади. 300 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил қилинади. Натижада туризм соҳасида 40 минг киши доимий, 70 минг киши эса мавсумий иш билан таъминланади.

Матбуот анжуманида соҳа мутасаддилари журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.