Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали билан боғлиқ хатолик бўйича расмий изоҳ берилди

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 4 июлдаги йиғилиши 1-сон баёни билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали учун 150 та квота ажратилган.

Бунда қабул квотаси йўналишларга қуйидагича тақсимот қилинган:

5230101 - Иқтисодиёт: қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти – 25;

5230102 - Иқтисодиёт: озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти – 25;

5230900 - Бухгальтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича) – 50;

5233300 - Агробизнес ва инвестицион фаолият – 25;

5234100 - Рақамли иқтисодиёт – 25.

Абитуриентларнинг маълумотлари рўйхатдан ўтказиладиган Давлат тест марказининг махсус дастурига мазкур йўналишлар киритилиш вақтида техник носозлик туфайли “Иқтисодиёт: қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” йўналишининг шифри 5230102 сифатида киритилиб қолган. Шунинг учун qabul.dtm.uz сайтида “Иқтисодиёт: озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти” йўналишига ажратилган квота 50 та сифатида акс этган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига ажратилган умумий квота эса ўзгармасдан қолган. Шунинг учун мазкур хатолик эътибордан четда қолган.

Мазкур хатолик соат 16:06 да аниқланди ва зудлик билан тузатилди. Шундан сўнг мазкур йўналишга абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш бошланди ва qabul.dtm.uz сайтида маълумотлар акс эта бошлади.

Ҳозирда “Иқтисодиёт: қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” йўналишига 254 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.

Давлат тест маркази хатолик ва ноқулайлик учун узр сўрайди ва барча абитуриентларга омад тилайди!