Трамп Канада “қўшиб олинган” АҚШ харитасини эълон қилди. Украинага АҚШдан охирги ёрдам пакети берилади. Германияда номаълум шахс машинасозлик компанияси биносига ўт очди

🔹 Лос-Анжелесда авж олаётган ёнғин 1180 гектардан ортиқ майдонни қамраб олди, уйлар вайрон, 30 минг аҳоли эвакуацияга мажбур. Бу ерда АҚШ вице-президенти Камала Харриснинг қароргоҳи, актёрлар Бен Аффлек ва Том Хенкс, қўшиқчи Риҳанна ва бошқа америкалик юлдузларнинг уйлари жойлашган.

🔹 "Оҳ, Канада!". Айнан шундай тагхатни Доналд Трамп Канада қўшилган Қўшма штатлар харитасига ёзди ва ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Аввал у ижтимоий тармоқда Канада ҳудудини АҚШ байроғи остида чоп этган эди. Шунингдек Трамп, Дания ҳукумати "эркин дунёни" ҳимоя қилиш учун Гренландияни Қўшма Штатларга бериши керак, деган мурожаат билан чиқди. Унинг таъкидлашича, оролда бор-йўғи 45 мингга яқин одам истиқомат қилади ва улар "Даниянинг унга қонуний ҳуқуқи бор-йўқлигини билмайди". Боз устига АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп “Мексика кўрфази” номини “Америка кўрфази”га ўзгартириш, Панама каналини АҚШ назоратига қайтариш ниятида.

🔹 Илон Маск ақлдан озган ва Америка Қўшма Штатлари учун хавфли, дейди унинг биографи Сет Абрамсон. Унинг фикрича, бизнесменнинг руҳий беқарорлиги ва Трампга таъсири туфайли, кетаётган маъмурият икки ҳафта ичида "фавқулодда чоралар кўриши" керак. Аввалроқ Bloomberg нашри Илон Маск АҚШнинг “Катта еттилик”даги асосий иттифоқчилари билан муносабатларини издан чиқараётганини ёзганди.

🔹 Жо Байденнинг кетаётган маъмурияти 9 январь куни Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилади. Расмий эълон АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг Германияга ташрифи чоғида бўлади. Таъкидланишича, у анча "салмоқли" бўлади, аммо АҚШ Конгресси Украинага ажратиш учун маъқуллаган тўрт миллиард долларнинг ҳаммасини ўз ичига олмайди.

🔹 2024 йилда Россиядан 80 мингдан ортиқ муҳожир чиқариб юборилган, бу ўтган йилга нисбатан деярли икки баравар кўп. Ҳукуматнинг муҳожирларга қарши фаол чоралар кўриши март ойида "Крокус Сити Холл"даги терактдан сўнг бошланди.

🔹 Германия Бад-Фридрихшалл шаҳрида номаълум шахс машинасозлик компанияси биносига ўт очди, натижада икки киши ҳалок бўлган, бир киши оғир яраланган. Ҳужумчи қочишга муваффақ бўлган. Бад Фридрихшаллда 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.