Трамп маъмурияти Россия мудофаа вазирлигига қарши санкциялар лойиҳасини тайёрлади

Қўшма Штатлар Россия мудофаа вазирлиги, бир қатор мудофаа ва фуқаролик саноати корхоналари, Владимир Путин маъмурияти билан боғлиқ федерал давлат унитар корхоналаридан бири, шунингдек, Нижний Новгород вилояти бўйича ички ишлар бошқармасининг суд экспертиза ва криминалистика марказига қарши санкциялар жорий этиши мумкин.

Ушбу маълумот АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан тайёрланган санкциялар лойиҳасининг қораламасида келтирилган. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

Янги чоралар Хитойнинг ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилаётган 89 та компанияси ва Россиянинг авиация, ракета-космик ва ядро саноати, асбобсозлик ва двигатель қурилмалари бўйича 28 ташкилоти, тадқиқот марказларига қарши АҚШ томонидан эълон қилиниши режалаштирилган чекловлар билан боғлиқ.

Хусусан, ушбу рўйхатдан замонавий қуроллар яратишда иштирок этган “Росатом” давлат корпорацияси институтлари, “Роскосмос”нинг иккита ташкилоти, шунингдек, вертолётлар ва самолёт двигателлари, авиация материаллари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимлари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар жой олиши мумкин.