Турк қардошлар бир дастурхон атрофида
Июнь ойининг биринчи якшанбаси халқаро нонушта куни ҳисобланади. Шу муносабат билан Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консулхонаси нонушта дастурхони ёзди.
Унда самарқандлик зиёлилар ва Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги бош консули Боуржон Досманбетов иштирок этди.
Туркия бош консули Салиҳ Жанер меҳмонларга миннатдорлик билдириб, дастурхонга тортилган турк миллий таомлари ҳақида маълумот берди.
– Одатда, кўп дўстона суҳбатлар, самимий учрашувлар нонушта чоғида кечади, – деди Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер. – Бугунги нонуштамизга ҳам консулхонамизга яқин бўлган инсонларни таклиф этиб, яхши суҳбат қуришни ният қилгандик. Аслида, биз – туркий халқларнинг турмуш тарзимиз, дастурхонимиз деярли бир хил. Ушбу дастурхондаги ноз-неъматлар ҳам Ўзбекистонда ва Туркияда етиштирилган маҳсулотлардан тайёрланган.
Дўстона суҳбат чоғида кейинги йилларда туркий давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, жумладан, Ўзбекистон – Туркия, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари ривожланаётгани таъкидланди.