Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирлари Самарқандда

Самарқанд шаҳрида 13-14 июнь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирларининг VII йиғилиши ўтказилмоқда.
Унда иштирок этиш учун Самарқандга Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия республикалари таълим вазирликлари раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ташриф буюрди.


Бугун йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусини уни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Таълим вазирларининг VII йиғилишига тайёргарлик ва унда муҳокама этиладиган масалаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ҳ.Умарова Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазири ўринбосари Фирудин Гурбанов, Туркия Республикаси Миллий таълим вазири ўринбосари Назиф Йилмаз билан ҳам учрашувлар ўтказди.


– Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири билан суҳбатимиз самарали бўлди, – дейди Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазири ўринбосари Фирудин Гурбанов. – Биз Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенг кўламда давом эттириш масалаларини муҳокама қилдик. Умуман, бу каби учрашувларимиз тарихи, маданияти, тили, дини, анъана ва қадриятлари муштарак бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга туртки беради. Айни пайтда биз – туркий халқлар таълим вазирликлари олдида тарих, адабиёт, жўғрофия ва бошқа фанлар бўйича биргаликда дарсликлар яратиш, таълимнинг барча босқичларида фаол ҳамкорлик қилиш вазифаси турибди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президентига Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида 960 ўринли мактаб қуриб берилаётгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

Вазирлар йиғилиши олдидан бугун вазирликлар ишчи гуруҳларининг музокаралари бўлиб ўтди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Таълим вазирларининг VII йиғилиши муҳокамаси учун муҳим масалаларни белгилаб олишди.


– Икки кун давомида Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ва истиқболларини белгилаб олиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Норбоева. – Вазирликлар ишчи гуруҳлари билан йиғилиш кун тартибига қўйиладиган долзарб масалалар юзасидан фикрлашиб олдик. Жумладан, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, кадрлар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро таълим дастурлари ва лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш масалаларини вазирлар йиғилишига олиб чиқишга қарор қилдик. Мақсад – ташкилотга аъзо давлатларда таълим тизимини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, ривожлантириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган.


Тадбир давомида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги таълим муассасалари ва тарихий-маданий ёдгорликларда ҳам бўлди.
Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирларининг VII йиғилиши эртага ўтказилади.