Туркия прокуратураси 191 нафар ҳарбий хизматчининг ҳибсга олиниши тўғрисида ордер имзолади
Туркиянинг Измир прокуратураси 191 нафар ҳарбий хизматчининг ҳибсга олиниши тўғрисида ордер имзолади. Ҳарбийлар орасида амалдаги хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар сони 181 нафарни ташкил этади. Уларнинг барчаси мухолифат даъватчи Фатҳуллаҳ Гюлен билан алоқадорликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Anadolu агентлиги маълум қилди.
Маълумотга кўра, ҳибсга олиш ишлари Туркиянинг 23 вилоятида амалга оширилмоқда. Айни вақтгача 145 нафар ҳарбий ҳибсга олинган. Улар Гюлен тарафдорлари ҳарбий хизматга ёлланаётган вақтда уюштирилган кўзбўямачиликларга алоқадорликда айбланмоқда.
Туркия ҳукумати “FETO” (Фетҳуллахийлар террорчилик ташкилоти) деб номланувчи Гюлен ташкилотини 2016 йилда уюштирилган давлат тўнтарилишида айбламоқда. Ўшанда содир бўлган исёндан сўнг 80 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган ва 150 мингга яқин давлат хизматчилари ўз вазифаларидан озод этилган эди. Бироқ ўзи АҚШда бўлган Гюлен содир бўлган воқеаларни қоралаб, айбловларни инкор этган эди.