Туркияда бундан 6 йил аввал содир бўлган воқеалар ёдга олинди
Бундан 6 йил аввал - 2016 йил 15 июль куни Туркияда ФЕТО террор ташкилоти томонидан давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш кузатилган эди. Лекин Туркия халқи бирлашиб, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этган, натижада бу фитна амалга ошмаган, мамлакатнинг демократик давлат тузуми сақлаб қолинган эди.
Шу сабабли Туркия халқи ва бу мамлакатнинг хорижий давлатлардаги идоралари ҳар йили 15 июлни "Демократик ва миллий бирлашиш" куни сифатида ёдга олади ва нишонлайди.
Самарқандда фаолият юритаётган Туркия Республикасининг бош консулхонасида бугун ушбу сана муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда айни пайтда Самарқандда яшаётган ва фаолият юритаётган Туркия фуқароларининг бир гуруҳи таклиф этилган тадбирда ўша воқеалар ёдга олинди.
Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер бу ҳақда гапириб берди.
Тадбирда 2016 йил 15 июлда содир бўлган воқеалар акс этган суратлар, видолавҳалар намойиш этилди.